Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Комиссия раиси А.Хўжақулов бошқариб борган йиғилишда вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси, Рақамли технологиялар вазирлиги Сурхондарё вилояти ҳудудий шўъбаси бошлиқлари ва Давлат кадастрлар палатаси Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг жорий йил 9-июль куни бўлиб ўтадиган Президент сайловига кўрилаётган тайёргарлик ишлари юзасидан ҳисоботи тингланди.


ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Х. Холлиевнинг қайд этишича, мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараёнга округ ҳудудида пухта тайёргарлик кўриш ва сайловни юқори савияда ташкил этиш учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунда фуқароларнинг “Манзил” ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ўртасидаги ҳолати бўйича мавжуд тафовутлар бартараф этилаётир. Ўрганишлар чоғида 391 талаба ўзининг доимий яшаш жойидаги кадастр рақамларига боғлангани ҳамда Термиз давлат университети ва Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали ётоқхонасига вақтинча рўйхатга қўйилгани, айни пайтда муддати тугагани маълум бўлди. Уларни тегишли тартибда доимий яшаш жойларидаги участкаларга сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизими орқали тортиб олиш чоралари кўрилмоқда. 8 нафар ҳарбий хизматчи ўзининг доимий яшаш жойидаги манзилда рўйхатда турган бўлса-да, Термиз шаҳридаги ҳарбий қисм ётоқхонасига вақтинчалик рўйхатга қўйилганлиги аниқланди. ИИВ тақдим этган доимий яшаш жойи бўйича рўйхати йўқ 208 фуқародан 30 нафари вафот этгани аниқланиб, 178 нафари тизимга киритилди. Профилактика хизмати ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида 1 минг 155 нафар фуқаронинг асл яшаш манзиллари аниқланиб, кадастр рақамларига боғлаш ишлари давом этмоқда.


–Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати билан ишлашда “бир сайловчи – бир овоз” тамойили асосида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда, –дейди Рақамли технологиялар вазирлиги Сурхондарё вилояти ҳудудий шўъбаси бошлиғи С. Шаймардонов.– Тақсимотдан сўнг сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида овоз берувчилар 1 миллион 419 минг 858 нафарни ташкил этмоқда. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда вилоятдаги 861 участка сайлов комиссияси сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида фаолият юритаётган 1 минг 698 нафар оператор ўқитилиб, малака ва кўникмаси оширилди. Сайловчилар рўйхатида юзага келган камчиликларни бартараф этиш учун вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда Давлат кадастрлар палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида барча ишлар сифатли ташкил этилмоқда.


Давлат кадастрлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ф. Ашуровнинг ҳисоботида таъкидланишича, округ ҳудудида 844 очиқ, 17 ёпиқ сайлов участкаси фаолият юритмоқда. Сайлов участкалари “УЗКАД” дастурий ахборот тизимига тўлиқ юкланиб, ArcGis электрон базаси яратилган. Ҳар бир участканинг чегараси бўйича хариталари чизилиб, ахборот тизимига юкланган. Уларнинг 685 таси мактабларда, 58 таси коллеж, лицей, техникум биноларида, 13 таси маҳалла фуқаролар йиғини биносида, 19 таси тиббиёт муассасалари, санаторий ва дам олиш масканларида, қолганлари давлатга қарашли бошқа корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда тадбиркорлик субьектлари биноларида жойлашган. 15 ҳарбий қисм ва иккита жазони ижро этиш муассасасида ёпиқ сайлов участкалари ташкил этилган.
Йиғилишда шунингдек, “Сайлов бюллетенларини давлат тили ва округ аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда чоп этиш тўғрисида”ги, “Участка сайлов комиссиялари раиси ўринбосари, котиблари, ва аъзоларини сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод этиш тўғрисида”ги масалалар ҳам муҳокама этилди. Кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири