Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Президентимизнинг ёшлар билан мулоқотида илгари сурилган таклиф-ташаббусларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган молиявий имкониятлар кенгайтирилмоқда. Қўшимча маблағлар, катта миқдордаги имтиёзли кредитлар ва стартаплар учун инвестиция киритишга рухсат берилиши — ёшларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлашда муҳим қадам. Бу орқали минглаб ёшлар ўз бизнес ғоясини амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
ЎзЛиДеП ҳам ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инновация ва тадбиркорлик орқали янги иш ўринлари яратишни ўз фаолиятининг устувор йўналиши деб билади.
Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбари раислигида Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ҳақида ҳам сўз юритилди.
[gallery-27933]
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда саноат, таълим, уй-жой ва ичимлик суви, инвестицияларни кўпайтириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳоли даромадини ошириш устувор вазифа сифатида белгилаб олинди. Жорий йил инвестицияларни 3 миллиард долларга, экспортни 1 миллиард долларга етказиш, камбағаллик ва ишсизликни кескин қисқартириш бўйича аниқ мақсадлар қўйилди. Айрим туманларни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш ташаббуси янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳудудий ривожланишда янги босқични бошлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Депутатлар конларни ўзлаштириш, кўмир қазиб олишни кенгайтириш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигида инновацион томорқа мактаблари ва қуёш иссиқхоналарини жорий этиш, шунингдек, транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича илгари сурилган ташаббуслар мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим эканини қайд этди. Бу чора-тадбирлар Сурхондарёни иқтисодий салоҳияти юқори, инвестициявий жозибадор ва аҳолиси фаровон ҳудудга айлантиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА