Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё янгиланишлар остонасида дадил одимламоқда
10:22 / 2021-06-01

Ташрифдан ташрифгача

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳамда аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш ва истиқболдаги режаларни белгилаб олиш мақсадида 1 июнь куни Сурхондарё вилоятига келди.

Сурхондарё – бундан тўрт-беш олдинги вилоят эмас. Бу юртнинг фидойи, танти ва изланувчан одамлари эртага бугунгидан ҳам яхшироқ яшаш, вилоятни обод ва фаровон гўшага айлантириш учун енг шимариб меҳнат қилмоқда. Шу мақсадда тадбиркорлар ҳудуднинг бой имкониятидан оқилона фойдаланиш йўлида янги-янги лойиҳаларни амалга ошираётир. Шижоати баланд бунёдкорлар замонавий иқтисодий-ижтимоий иншоотлар, осмонўпар уй-жойлар барпо этиб, воҳа қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Танти миришкорлар йилнинг тўрт фаслида ҳам турли зироат парваришлаб, бозорларимизга арзон, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бераётир.

Давлатимиз раҳбари 2019 йил 17-18 октябрь кунлари жанубдаги вилоятга ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, туман ва шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини сифат жиҳатдан кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, хизмат кўрсатиш ва сервис, таълим, тиббиёт каби соҳаларни жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди. Шунга мувофиқ ўтган даврда мазкур топшириқлар ижроси юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилди. Таълим ва тиббиёт соҳаларида йирик ўзгаришлар юз берди. Шаҳар ва қишлоқларда арзон, сифатли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.  

[gallery-2625]

Маълумотларга кўра, 2019 йил вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 22349,0 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 25650,0 миллиард сўмга етди. Шу даврда саноат маҳсулотлари ҳажми 4402,8 миллиард сўмдан 5515,9 миллиард сўмга ўсди. Саноатда кичик бизнеснинг улуши 2019 йилда 42 фоиз, 2020 йил якунида 47 фоизни ташкил этди. 2019 йил аҳоли жон бошига 1693,7 минг сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йил якунида бу борадаги кўрсаткич 2057,4 минг сўм бўлгани қайд этилди. Мазкур рақамлар ҳам воҳа туб ўзгариш ва янгиланишларга юз тутаётгани, одамларнинг ҳаёт даражаси ўсиб бораётганига яққол далилдир.  

Шу даврда қурилиш моллари, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва терини қайта ишлаш, ёғ-мой саноати сингари йўналишларда қатор замонавий корхоналар ишга туширилди. Ўтган йилнинг ўзида 2,4 триллион сўмга тенг 730 дан ортиқ лойиҳа бажарилиб, 7 мингга яқин иш ўрни яратилди. Йигирмага яқин турдаги янги маҳсулот ўзлаштирилди. Жумладан, “Бойсун лано” масъулияти чекланган жамиятида мамлакатимиз фармацевтика саноати учун янги маҳсулот– қўй жунидан ланолин, “Бойсун керамзит инвест” корхонасида  қурилиш учун ноёб хом ашё бўлган керамзит, “Ангор Фарм” масъулияти чекланган жамиятида биологик фаол қўшимча ва мазлар, “Қаюм Гузари” масъулияти чекланган жамиятида фасад бўёқлари ва қуруқ қоришмалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ипакни қайта ишлаш, чарм-пойафзал ва мўйначилик йўналишида йирик лойиҳалар амалга оширилди. Сўлим ва тоғли Олтинсой туманида қиймати 85 миллиард сўмлик 200 ўринли “Хўжаипак” замонавий соғломлаштириш марказининг фойдаланишга топширилгани тиббиёт туризмини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Термиз туманидаги мовий Учқизил кўли бўйида иш бошлаган “OXUS” дам олиш масканинг биринчи босқичи маҳаллий аҳоли ва сайёҳларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришига қулай шароит яратди.

Президентимиз 2019 йил 17-18 октябрдаги ташрифи чоғида белгилаб берган топшириқлари доирасида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида янги лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда. Бу ерда бунёд этилаётган “Термиз” халқаро савдо марказида ишлаб чиқарувчилар, афғонистонлик қўшнилар ва қўшни давлат орқали кирувчи бошқа мамлакатлар фуқаролари учун барча шароит яратилмоқда. Халқаро савдо маркази фойдаланишга топширилгач, Уларга Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирмасдан 10 кун давомида ушбу ҳудудда бўлиш ва чиқиш тартиби жорий этилади.

Давлатимиз раҳбарининг ён қўшнилар билан ўзаро ҳамкорлик ва азалий дўстлик алоқаларимизни мустаҳкамлаётгани афғон биродарларнинг ҳам воҳада тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўз бизнесини йўлга қўйиши учун қулай муҳит яратди. Масалан, 2018 йил Сурхон заминида афғон сармоядорлари иштирокида 103 корхона фаолият юритган бўлса, эндиликда уларнинг сони 316 тага етди. Ўтган ҳафта Термиз шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – Афғонистон бизнес-форумида сурхондарёлик тадбиркорлар афғон ҳамкорлари билан лойиҳа қиймати 103,2 миллион долларлик 30 та инвестицвий лойиҳа  ва 30,4 миллион долларга тенг 8 та экспорт лойиҳасини имзолади.  

Ташрифдан ташрифгача ўтган даврда Термиз шаҳри ва қишлоқларда қурилган кўплаб янги турар-жой бинолари уйга муҳтож аҳолига ўзгача қувонч улашиб, уларнинг ҳаётидан рози бўлиб, яшашига пухта замин яратди. Бу борадаги ишлар бугун ҳам изчил давом эттирилиб, жойлардаги 16 та массивда 4 минг 800 хонадонга мўлжалланган 240 та янги уй барпо этилмоқда. Жорий йил ва 2022 йилда Термиз шаҳрида 7, 9, 12, 16 қаватли  2 минг 210 оилага мўлжалланган 29 та, Денов туманида 9, 12, 14, 16 қаватли 620 хонадонли ўнта замонавий уй-жой қурилади.  

Воҳанинг Бойсун, Шеробод, Қизириқ, Жарқўрғон, Музработ ва бошқа туманларида йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш сифати янада яхшиланди.

2019 йил 17-18 октябрдаги ташриф давомида вилоятнинг саноат, қурилиш салоҳиятини ошириш баробарида ижтимоий соҳани янада ривожлантириш юзасидан мутасаддиларга тегишли вазифалар қўйилган эди. Хусусан, вилоят кардиология маркази қошида кардиореабилитация бўлими, Денов, Узун, Сариосиё, Олтинсой, Шўрчи туманлари аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш  сифатини ошириш учун Денов тумани тиббиёт бирлашмаси бинолари реконструкция қилиниб, беш ўринли замонавий гемодез бўлими ташкил қилинди. Шунингдек, 150 ўринли хирургия, терапия ва педиатрия бўлимлари янгидан барпо этилди. Термиз шаҳридаги 90 ўринли туғруқ комплекси 30 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуна билан жиҳозланди. Термиз шаҳрида салобатли  ва кўркам “Муз саройи” қад ростлади. Вилоятдаги олий таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим тизимида кўплаб янги замонавий иншоотлар бунёд этилиб, навқирон авлоднинг бахту-камолига хизмат қила бошлади.  

Президентимиз ҳар сафар вилоятга ташриф буюрганида буюк алломаларимиз хоки мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб, бу гўшаларни ободонлаштириш, маҳаллий ва хорижликлар учун қулай шароитлар барпо этиш, улуғ термизийлар меросини чуқур ўрганиб, тадқиқ этиш бўйича ҳам муҳим вазифаларни белгилаб бермоқда. Ўтган галги ташрифда Термиз шаҳридаги Султон Саодат мажмуасида маҳаллий ва хорижлик зиёратчилар учун барча қулайликларни яратиш, мажмуага олиб борадиган йўл бўйида намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар барпо этиш, масжид, меҳмонхона ва бошқа инфратузилма обьектларини қуриш, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида термизийлар меросини ўрганиш ва хорижлик олимлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ёшларга диний таълим берадиган ўқув даргоҳи ташкил этиш ғояларини илгари сурган эди. Айни пайтда бу борада ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилаётир.  

Сурхондарё аҳли давлатимиз раҳбарининг бу сафарги ташрифи ҳам вилоятни янги босқичда юксалтиришнинг, одамлар ҳаёт даражасини оширишнинг кўплаб истиқболли йўналишларини белгилаб беришини катта қизиқиш билан кузатмоқда.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА