Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё вилоятининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади
11:18 / 2022-01-05

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 2 июнь куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Тўпаланг” сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича кўрсатма берган эди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга асосан умумий қиймати 138,1 миллион доллар маблағ эвазига қуввати суткасига 200 минг метр куб бўлган “Тўпаланг” сув тозалаш иншоотини қуриш, диаметри 426-1420 мм бўлган 361 км ўзи оқувчи магистрал ичимлик сув қувурини қуриш ишларини 2021-2024 йилларда амалга ошириш белгиланган.
Лойиҳага кўра, вилоятнинг Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Қумқўрғон, Бандихон, Шеробод, Музработ, Қизириқ, Жарқўрғон, Термиз ва Ангор туманлари ҳамда Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи 1,7 миллион нафар аҳоли узлуксиз марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланишига эришиш кўзда тутилган.

[gallery-5341]

Айни дамда 4 километрдан зиёд масофага трубалар учун ер ишлари ҳозирланиб, 2,6 километр жойга сув қувурлари ётқизилди. Лойиҳада кўзда тутилган босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотлари қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Ҳозирда бошланғич қисмда қад ростлаётган сув тўсиш иншооти 15 метр баландликда сувни ушлаб туриб, керакли бўлган 709,5 меъёрдаги сувни чиқариб беради. Мазкур қувурлар орқали секундига 2,3 метр куб, бир кунда эса 200 минг куб сув аҳолига етказиб берилади.
“Тўпаланг” сув магистрал тармоғи бўйлаб жами 361 километр, шундан 199 километр магистрал ва 162 километр сув тақсимлаш иншоотигача бўлган тарқатувчи тармоқлар тортилади.
Шунингдек, Сариосиё туманида қуввати суткасига 100 минг куб бўлган “Тўпаланг” сув тозалаш иншооти, Қумқўрғон ва Шеробод туманларида 2 та сув босимини сўндириш иншоотлари қурилади.
Пировардида ҳудудларда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси бугунги кундаги 55,4 фоиздан 90 фоизгача етказилади, ичимлик суви ўз оқими билан келиши натижасида йилига 30 миллиард сўмлик 66 миллион кВт/соат электр энергияси иқтисод қилинади.

Суратларда: 1,2,3,4,5,6,7,8,9,10,11,12,13,14,15,16-қурилиш ишларидан лавҳалар.


Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА