Сурхондарё вилояти туманларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва унинг олдини олишга қаратилган амалий машғулотлар бошланди.
Музработ тумани ҳокими, ¬фуқаро муҳофазаси бошлиғи Абдулла Маматқулов раҳбарлигида бўлиб ўтган машғулот доирасида бозорлар, умумий овқатланиш муассасалари, маиший газ баллонларидан фойдаланадиган объектлар, барча турдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳолатини ўрганиш юзасидан тегишли чора-тадбир белгиланди. Жойлардаги аниқ ҳолат чуқур ўрганилиб, ёнғин хавфсизлигига қатьий риоя этилишини таъминлаш ва аниқланган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш вазифаси топширилди.
Аҳоли ва тадбиркорларга ёнғин хавфсизлиги бўйича тизимли тарғибот ишларини олиб бориб, ўт балосининг хунук оқибатларини атрофлича тушунтириш тавсия этилди.
***
Жарқўрғон туманида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Республика тарғибот гуруҳи аъзоси Санобар Абдураҳмонова, вилоят тарғибот гуруҳи раҳбари Дилбар Нормуродова ва бошқалар глобаллашув даврида ёт ғоялардан ҳимояланиш, интернет имкониятларидан оқилона фойдаланиш, маънавий муҳитни янада соғломлаштириш каби масалаларнинг жамиятимиз тараққиётидаги аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритди. Турли оқимларнинг миллий ўзлигимиз, миллий қадриятларимизга зид бидъатлари таъсири, кийиниш, юриш-туриш, ибодатда бузғунчи ёт ғояларга учмаслик, жамият ривожида фойдали бўлган дунёвий илмларни ўрганишнинг динимиздаги талқинини тўғри англаш, тинчлик ва осойишталикнинг қадрини ҳис этиб яшаш, хотин-қизларни диний мутаассиблик, турли ёт ғоялар таъсиридан асраш хусусида фикр алмашилди.
[gallery-24754]
***
Бойсун туманида навбатдаги бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамкор ташкилотлар билан ўтказган тадбирда 90 та корхона, ташкилот, муассаса мавжуд 245 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Ярмаркада 150 дан ортиқ вақтинча ишсиз фуқаро қатнашди. Уларнинг 55 нафари, жумладан, 45 нафар йигит-қиз ўзлари танлаган касб бўйича иқтисодиётнинг турли соҳаларида ишларга жойлашадиган бўлди. Ўн нафарига касб-ҳунарга қайта ўқитиш учун йўлланма берилди. Иштирокчиларга, шунингдек, меҳнатга оид қонунчилик ва бошқа йўналишлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири