Ангор туманида “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар учун ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Қосим Мардонов мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида атрофлича сўз юритди.
Ёшларга оид давлат сиёсати янги босқичга кўтарилиб, уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сиёсий, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, сиёсий жараёнларга фаол жалб этиб, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, бандлигини таъминлаш, ўқиб, изланиши учун яратилаётган шароитлар каби муҳим масалалар тўғрисида маълумот берилди.
Туманда “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларни ҳар тарафлама ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ғоя ва таклифларини қўллаб-қувватлаш, ўртага ташлаётган муаммоларини ҳал этиш, бандлигини таъминлашга қаратилаётган эътибор хусусида фикр алмашилди.
Тадбир якунида “Ёшлар дафтари”да турган 18 нафар йигит-қизнинг бандлигини таъминлаб, даромадга эга бўлиши учун тикув машинаси, мотокультиватор, пайвандлаш ҳамда сартарошлик асбоб-ускуналари топширилди.




***
Олтинсой туманида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида тарғибот-ташвиқот тадбири бўлиб ўтди.
Маҳаллалар фаоллари ва ёшлар иштирок этган тадбирда халқимизга хос миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенглик фазилатларининг осуда ва обод ҳаётимизни таъминлашдаги аҳамияти атрофлича таҳлил қилинди. Ҳозирги глобаллашув жараёнларида мамлакатимизда ёш авлодни диний экстремизм ва ёшлар ўртасида радикаллашув каби ёт ғоялардан асрашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Сепаратизм ҳамда мутаассиблик ғоялари ва уларнинг таъсирига тушиб қолганларни соғлом ҳаётга қайтариш юзасидан фикр алмашилди. Бундай салбий иллатларнинг олдини олиш юртимиз тараққиёти ва тинч, тўкин ҳаётимизни таъминлашда муҳим омил бўлиши қайд этилди.
Тадбир якунида “Тинчлик қадри” номли видео ролик намойиш этилди.




***
Шўрчи туманида миллий либослар, миллий урф-одат ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу тадбирларда аждодлардан мерос қолган миллий либос, халқ ўйинлари ва ноёб миллий қўшиқчилик санъатимиз асрий анъаналарни кенг тараннум этаётган муҳим восита сифати бўй кўрсатмоқда.
Тумандаги Абу Али ибн Сино номли жамоат саломатлиги техникумида “Миллий қадриятлар ва уларнинг миллий маънавиятимиздаги ўрни” шиори остида ташкил этилган ош сайлида ҳам ана шундай юксак фазилатларимиз улуғланди.
Сайлда миллий ошхонамизнинг энг тансиқ таомларидан бири ош тайёрлаш сиру синоатлари намойиш этилди. Халқимизнинг меҳмондўстлик, бағрикенглик каби хислатларини намоён этадиган миллий таомимизнинг турлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди.





Тадбир доирасида миллий урф-одат ва либослар ҳам намойиш этилди.
Байрамона руҳда ўтган сайл якунида энг яхши ош тайёрлаган жамоалар ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири