Ички ишлар вазирлигининг тегишли фармойишига мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелидан 30 апрелгача мамлакатимиз ички ишлар органларида “Маънавият ойлиги” ўтказилмоқда.
Сурхондарё вилоятида ҳам турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, мазкур ойликни юксак савияда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби ва фахрийларининг “Уч авлод” учрашуви “Халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш энг устувор вазифамиз!” мавзуига бағишланди.


Учрашувда вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Шерзод Шадиев, вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги майор Бўри Шодиев ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, Ўзбекистон тараққиёти йўлида хизмат қилиш ва келгуси авлодларни шу руҳда улғайтириш барчанинг муқаддас бурчи эканини таъкидлади. Кейинги йилларда ички ишлар органи ходимларининг хизмат вазифасини адо этиши учун яратилаётган замонавий шароитлар қайд этилди.
Тадбирда вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши аъзолари кўп йиллик мазмунли ҳаёти ва меҳнат фаолиятида тўплаган бой тажрибалари, хизмат давридаги ўзига хос қийинчилик ва машаққатлар ҳақида сўз юритди. Айни пайтда ички ишлар органлари ходимларининг нафақат ўз вазифасини бажариши учун барча шароит яратилгани, балки қарилик гаштини сураётган нуронийларга ҳам алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани хусусида фикр алмашди.
***
Денов тадбиркорлик ва педагогика институти Олтинсой туманидаги 25-умумтаълим мактабида Амир Темир таваллудининг 689 йиллигига бағишланган тадбир ташкил этди.
Унда институт ректори Ойбек Рўзиев ва тарихчи профессор-ўқитувчилар буюк саркарда Амир Темурнинг тарихдаги ўрни, илмий, маданий ва сиёсий меросига эътибор қаратди.



Ўз даврида буюк давлат асосчисининг Ҳиндистон ва Хитойдан Қора денгизгача, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғигача йирик ҳудудни қамраб олган марказлашган улкан салтанатга асос солгани, шунингдек, Амир Темур давлатига Кичик Осиё, Сурия, Миср ва шимоли-ғарбда Қуйи Волга, Дон бўйлари, шимоли-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёсигача, жануби-шарқда эса Шимолий Ҳиндистонгача бўлган мамлакатлар бўйсундирилгани тўғрисида сўз юритилди. Ўқувчиларга Амир Темур даврига оид тарихий воқеалар ва уларнинг ўзбек халқи тарихидаги аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда мактаб ўқувчилари буюк саркарда сиймоси яратилган саҳна кўринишларини намойиш этди. Спорт беллашувлари ташкил этилди.
***
Шўрчи туманидаги “Эгарчи” боғдорчилик фермер хўжалигида баҳорги дала юмушларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда иштирок этган боғбонлар янги боғлар барпо этиш ва кўчатлар ҳосилга киргунча қатор ораларида турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришлаб, қўшимча даромад олиш юзасидан тажриба алмашилди.


– Беш гектар майдонда боғ барпо этиб, олма, беҳи, бодом, олча сингари 1 минг 420 туп дарахт кўчатини парваришлаяпмиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Алимардон Аллаёров. – Мевали боғ ҳосилга киргунча қатор ораларига экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, яхши даромад оляпмиз.
Семинар якунида иштирокчилар кўчат қатор ораларига ишлов бериш жараёнлари билан танишди. Сархил боғ ташкил этиб, ундан самарали фойдаланиш, кўчатларни парваришлаш ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
***
Дала юмушларини сифатли амалга ошириш учун мўътадил об-ҳаво кузатилаётган шу кунларда Бандихон туманида ташкил этилган семинар эса томорқадан унумли фойдаланиш масалаларига бағишланди.
Мамлакатимизда аҳолининг томорқа ва ижара ер майдонларидан оқилона фойдаланиб, даромад топиши учун қулай шароит, кенг имконият яратилди. Бандихон туманида ҳам томорқа ер эгалари бу имкониятдан самарали фойдаланиш учун турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, оилавий бюджетини бойитмоқда.



Маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва томорқа ер эгалари қатнашган семинар иштирокчилари Алламурод Авлияқулов, Хўжамқул Мамаюсупов сингари етук деҳқонларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари парваришлаш тажрибаси билан танишди. “Эко аудит Сурхон” масъулияти чекланган жамиятида етиштирилаётган маҳсулотлар, кўчатчилик лойиҳаларини кўздан кечирди. Туманда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида олиб борилаётган ишларни янада ривожлантириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири