Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
09:59 / 2023-08-09

Сурхондарё вилоятида ғўза дефолиацияси бошланди. Муҳим агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш учун вилоятда 219 ОВХ пуркагичидан унумли фойдаланилмоқда.

Музработ тумани фермерлари 9 минг 200 гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос ва эртапишар ғўза навларини парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Ҳосилни қисқа вақтда йиғиштириб олиш учун 209 отряд ташкил этилиб, 130 махсус техника ва 219 тиркама тахт қилиб қўйилди. Айни кунларда пахта далаларида дефолиация ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. 

Мутахассисларнинг фикрича, ғўза баргларини суньий йўл билан тўктириш ўсимлик ривожланишини жадаллаштириб, кўсаклар очилишини 8-10 кунга тезлаштириб, ҳосилни эрта териб-йиғиб олишга замин яратади. Ҳосилдорликни гектарига 6-8 центнергача оширади. 

Жорий йилда вилоят фермерлари 72 минг 270 гектар майдонда пахтанинг маҳаллий иқлимга мос, серҳосил ва эртапишар навларини етиштирмоқда. Сув тақчиллиги кузатилиб, об-ҳаво меъёридан иссиқ бўлган йилда ҳам деҳқонлар омилкорлик билан иш юритиб, мўл ҳосил тўпламоқда. Ҳосилни тез кунларда йиғиштириб олиш учун мавжуд пахта майдонларининг 64 минг 770 гектарида ғўза баргини сунъий йўл билан тўктириш мўлжалланган. Шу кунларда муҳим агротехник тадбирни сифатли якунлаш учун мавжуд техникалар кучидан унумли фойдаланилмоқда. Бунинг учун техника воситаларига тезкор, сифатли техник ва сервис хизмати кўрсатиш ҳам йўлга қўйилган. 

*** 

Ангор туманида лойиҳа қиймати 17 миллион ЕВРОга тенг чармдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилмоқда. 
“Top Qualty Brand” масъулияти чекланган жамияти бунёд этаётган замонавий корхона йилига 220 минг жуфт сифатли чарм пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. 

Айни пайтда корхонага Италия ва Туркия давлатларидан келтирилган замонавий ишлаб чиқариш дастгоҳлари ўрнатилмоқда. Янги лойиҳа фойдаланишга топширилгач, ички бозорни сифатли, арзон пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари билан таъминлайди. Йилига 5 миллион долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилиниб, маҳаллий бюджет тушуми 5 миллиард сўмга ортади. 300 кишининг бандлиги таъминланади. 

*** 

Жарқўрғон туманидаги Мустақиллик маҳалласида яшовчи аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бунинг учун ҳудудда 13,5 километр масофага сув қувури тортилиб, сув минораси барпо этилди. Лойиҳани тез, сифатли амалга ошириш учун 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ сарфланди. 

Маҳалладаги 782 хонадонда 4 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ҳаёт даражасини юксалтириб, муносиб турмуш кечириши учун ички йўлларда ҳам йирик ҳажмдаги таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Теварак-атроф ободонлаштирилиб, ариқлар тозаланди. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун янги оилавий шифокорлик пункти бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА