Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:40 / 2023-05-12

Жарқўрғон туманидаги Қораянтоқ маҳалласида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида 240 оилага мўлжалланган 12 та 5 қаватли турар-жой биноси фойдаланишга топширилди.

Замонавий усулда қад ростлаган шинам, ёруғ уйларда барча шароит яратилган. Зарур инфратузилма барпо этилган. Шу куни Сариосиё туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида ҳам 196 оила янги уйларнинг калитларини қабул қилиб олди. Ҳудудда фойдаланишга топширилган турар-жой биноларининг 2 таси 9 ва учтаси беш қаватли уйлардир.  

Вилоятдаги “Янги Ўзбекистон” массивларида қад ростлаётган кўп қаватли турар-жой биноларига бир йўла энергия тежамкор жиҳозлар, қуёш электр панеллари ва қуёш сув иситгичлари ўрнатилмоқда.  

 

***  

Шўрчи туманидаги “Шўрчи деҳқон (озиқ-овқат)” бозори қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилгача 188 та савдо нуқтаси бўлган бозор янги қиёфада бўй кўрсатгач, савдо нуқталари сони 600 тага етди. Сотувчи ва харидорлар учун барча замонавий шароитга эга бўлган бозорни қайта реконструкция қилиш учун 7 миллиард 900 миллион сўм маблағ сарфланди. Ёзги ва қишки савдо расталари, автотураргоҳ, омборхона ва бошқа ёрдамчи бинолар барпо этилди.  

Жарқўрғон туманида ишга туширилган “Аср” савдо комплекси қурилиши учун қарийб икки миллиард сўм маблағ сарфланди. Қуёш панели ўрнатилган савдо комплекси бир йилда аҳолига беш миллиард сўмликдан ортиқ хизмат кўрсатиш қувватига эга. Барча қулайликларга эга янги комплексда 42 кишининг бандлиги таъминланди.  

 

***  

Бугун Қизириқ туманидаги “Грант атлас” шодиёналар залида узоқ йиллар турли соҳаларда меҳнат қилиб, айни пайтда қарилик гаштини сураётган кайвони онахонлар, фаол аёллар ва қизларнинг “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.  

Тўкин дастурхон атрофида ташкил этилган тадбирда онахонлар бугунги дориломон кунларга етказганига шукрона айтиб, нафақат ўспиринлик, ёшлик даврлари балки, яқин йилларда ҳам давлат идорасида хизмат қилса-да, пахта парваришлагани, ҳосилни йиғиштириб олишда иштирок этгани, бугунгидек етарли шароитларга эга бўлган муассаса, корхона ва ташкилотларда ишлаш улар учун ушалмас орзудек туюлгани ҳақида сўз юритди. Ана шундай оғир даврларда ҳам вақт ажратиб, уй-рўзғор юмушларини бажаргани, фарзандлар тарбияси билан шуғулланганини ёдга олди.  

Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётгани ва бу жараёнда меҳнат фахрийлари бўлган онахонларга ҳам алоҳида ғамхўрликлар кўрсатилаётганини фахр билан эътироф этди. 

 Тўкин дастурхон атрофидаги учрашувда кайвони онахонлар тадбир иштирокчиларини осуда, тўкин турмушнинг қадрига етиш ва оилаларни мустаҳкамлаб, Янги Ўзбекистонга содиқ фарзандларни камолга етказиш, қизларни эса ўқиб, ўрганиб, келгусида Ватан тараққиёти учун хизмат қиладиган мутахассислар бўлишга ундади. Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган учрашувда туман ҳокими Ш.Ражабов меҳнат фахрийлари бўлган аёлларга жамиятимиз ривожи ва ёш авлод тарбияси йўлидаги хизматлари учун чуқур миннатдорлик билдирди.  

Тадбир санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.  

 Холмўмин Маматрайимов,  ЎзА