Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
11:15 / 2023-03-23

Сурхондарё вилоятида тиббиёт муассасалари рақамлаштирилиб, ортиқча меҳнат ва қоғозбозликка чек қўйиш учун “Электрон поликлиника” тизими кенг йўлга қўйилмоқда.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Ангор туманидаги Қўзи Тўлаков номли оилавий поликлиникада Термиз ва Ангор туманларидаги тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш, “Электрон поликлиника” тизимини кенг жорий этиш учун 500 дона компьютер жамланмаси, патронаж ҳамшираларга планшет топширди. Оилавий поликлиникада яратилган шароитлар, тиббиёт жиҳозлари ва ортиқча вазнга йўл қўймаслик, тўғри овқатланишга амал қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, зарарли одатлардан воз кечиш, аҳоли ўртасида инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган тарғибот ишлари билан танишди.  

Ангор тумани тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси ва туман марказий шифохонасида бўлиб, “Электрон поликлиника” тизимининг ишлаш ҳолати, беморларни қабул қилиш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини кўздан кечирди. Шу ерда бошқа тиббиёт муассасаларида мазкур тизимни жорий этиш бўйича белгилаб олинган режалар тақдимоти ўтказилди.  

***  

Қумқўрғон туманидаги "Нурли диёр" маҳалла фуқаролар йиғинининг янгидан қурилган биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда мамлакатимизда сўнгги йилларда маҳалла институтини янада такомиллаштириб, нуфузини ошириш, моддий техник базасини мустаҳкамлаб, самарали фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилаётгани ҳақида сўз юритди.  

Юртимизда 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни сифатида кенг нишонланиб, соҳа ходимларига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам маҳаллаларни фуқаролик жамиятининг муҳим таянч устуни ва чинакам халқчил тузилмага айлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Мамлакатимизда Наврўзи олам шукуҳи эсиб юрган шу кунларда фойдаланишга топширилган янги бинода фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш, уларни қабул қилиб, дарду-ташвишларини тинглаш учун барча шароит яратилган. Хоналар замонавий усулда жиҳозланган.  

***  

Бойсун туманидаги Пасурхи маҳалласида замонавий усулда қурилган 9-давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Тоғли туманда қадимий айём – Наврўз муносабати билан маҳалла кичкинтойларига туҳфа қилинган мактабгача таълим муассасасини барпо этиб, жиҳозлаш учун 2 миллиард 599 миллион сўм маблағ сарфланди. Маҳаллада 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 425 нафар бола камолга етмоқда. Эндиликда уларнинг 150 нафари мазкур мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинади. Кейинги йилларда соҳада юз берган ўзгариш ва янгиланишлар тоғли туманда болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамровини тубдан оширди.  

Жумладан, 2018 йил туманда атиги ўнта давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритиб, жами болаларнинг 7,6 фоизини қамраб олган бўлса, жорий йилда мактабгача таълим ташкилотлари сони 96 тага, болалар қамрови 60,9 фоизга етди. Маълумотларга кўра, туманда 20 та давлат, 8 та давлат хусусий-шерикчилик шаклидаги ва 68 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Маҳаллада қад ростлаган янги мактабгача таълим ташкилотида 20 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.  

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири