Жорий йил баҳорнинг бошланиши нисбатан мўътадил келганидан фойдаланган вилоят деҳқонлари пахта майдонларини барвақт чигит экишга ҳозирлаб, барака уруғи қадаган эди. Юртимизда Наврўзи олам нишонланаётган шу кунларда эрта сепилган уруғ бир текис униб чиқа бошлади.
Бу йил вилоят деҳқонлари 72,3 минг гектар майдонда ғўза парваришлаб, 257 минг тонна пахта хом ашёси йиғиб олишни мўлжалламоқда. Ерга чигит қадашни тез, сифатли якунлаш учун 281 та экиш отряди ташкил этилиб, барча ишлар уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Барака уруғи сепишга 760 дан ортиқ малакали мутахассис ва 6 минг 515 та техника жалб этилган. Ҳозиргача воҳада қарийб 20 минг гектар майдонга барака уруғи қадалди.

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, шу кунгача Қизириқ туманида уруғ сепилган майдонларнинг қарийб 200 гектарида, Ангор туманида юз гектардан ортиқ ерда чигит бир текис ундириб олиниб, дастлабки ишлов берилмоқда.

Воҳа далаларида чигит экиш қизғин давом этмоқда.
***
Вилоят ғаллакорлари ўтган йил кузда бу йилги ҳосил учун 100 минг 100 гектар майдонга бошоқли дон уруғини қадаб, ундириб олган эди. Шу кунларда кўкка бир текис бўй чўзаётган ғалла майдонларида майсаларни озиқлантириб, иккинчи босқич баҳорги парваришлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун 30 минг 300 тонна минерал ўғит ғамланган. Ҳозиргача ғаллакорлар қарийб 86 минг гектар майдондаги майсани иккинчи марта озиқлантирди.

Таҳлилларга кўра, вилоятдаги ғалла майдонларининг 13 минг гектари 3-4 барг, 87 минг гектари барг тўплаш фазасида ривожланмоқда. Майсаларга суспензия асосида ҳашоратларга қарши қайта ишлов бериш ҳам сифатли олиб борилмоқда.
Жорий йилда вилоят ғаллакорлари мавжуд майдонлардан 685 минг тоннадан ортиқ сара дон йиғиб олади.
***
Жарқўрғон туманидаги “Ойдин мақсад” масъулияти чекланган жамияти Сурхон соҳили маҳалласи болажонларнинг Наврўз байрамига ажойиб совға туҳфа қилди. Давлат-хусусий шерикчилик асосидаги “Ойдиной” номли нодавлат мактабгача таълим ташкилотини фойдаланишга топширди.

Барча шароитларга эга мактабгача таълим муассасаси 50 ўринга мўлжалланган. Замонавий усулда жиҳозланган мактабгача таълим ташкилотида рус ва инглиз тили, ментал арифметика тўгараклари фаолият юритади. Болажонлар гимнастика билан шуғулланади. Бундай қулайликлар ёш авлоднинг чуқур билим ва ҳар тарафлама соғлом камолга етишида муҳим ўрин тутади.

Янги муассасани фойдаланишга топшириш маросимида туман ҳокими Элмурод Авазов ва бошқалар ана шу ҳақда атрофлича сўз юритди. Давлат-хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотида келажагимиз эгалари учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири