Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
09:52 / 2023-02-16

Вилоятда кўклам нафаси эсиб, майсалар ниш урмоқда. Дов-дарахтлар ҳам қиш уйқусидан ўйғониб, куртак ёза бошлади. Баҳорга пешвоз чиқаётган деҳқонлар ғалла майсалари ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини парваришлаш, кузда шудгорланган экин майдонларини зироат экишга тайёрлаш, ариқ-зовурларни тозалаш каби агротехник юмушларга киришди. Чигит экиш мавсуми учун мавжуд техникалар тахт қилиб қўйилаётир. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун янги экин майдонлари ўзлаштирилмоқда.

Жорий йилда воҳанинг Музработ туманида 4 минг 327 гектар, Шерободда 5 минг 617 гектар узоқ йиллар фойдаланишдан чиқиб кетган ер майдони қайта ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилади. Қаровсиз қолган экин майдонларидан самарали фойдаланиш учун Фарғона вилоятидан салоҳиятли инвестор жалб этилди.  

“Баҳодир лоғон текстил” қўшма корхонаси яхши эзгу ниятлар билан Музработ ва Шеробод туманларидаги балл бонитети паст бўлган 10 минг гектар майдонни фойдаланишга киритмоқда. Сармоядор ерларни мавжуд агротехник тадбирлар асосида текислаб, сув тежовчи технологияларни жорий этади. Юқори ҳосилли пахта навларини етиштиради. Бу ишни тез, сифатли амалга ошириш учун ҳудудга 100 дан ортиқ замонавий техника келтирилди.  

Инвестор шунингдек, Музработ туманида қиймати 10 миллион доллар бўлган пахтани қайта ишлаш фабрикаси ва 4 миллион долларлик полиэтилен қувурлар ишлаб чиқариш корхонаси бунёд этишни мўлжалламоқда.

***

Олтинсой туманидаги Обшир маҳалласида 1000 гектар майдонда янги инновацион узум боғи барпо этилмоқда. Тажрибали соҳибкорлар баҳорги экин мавсумида серҳосил ва эртапишар ток кўчатларини ўтқазиш учун мавжуд майдонларни кўчат қадашга  тайёрлаш ишларини бошлаб юборди.  

Уч мингдан ортиқ иш ўрни яратиладиган янги токзорга томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилади. Маълумотларга кўра, бу йил вилоятда 4 минг 387 гектар майдонда мевали боғ ва 2 минг 419 гектар ерда янги узумзор яратилади.

***

“SCT CLUSTER SHOLI" масъулияти чекланган жамияти Музработ туманидаги 20,1 минг гектар майдонда қиймати 136,3 миллиард сўмлик шоли етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширади.

Ички бозорга арзон, сифатли гуруч етказиб бериш ва аҳоли бандлигини таъминлашга йўналтирилган янги лойиҳа ишга тушгач, 1 минг 500 киши сердаромад иш ўрнига эга бўлади.

***

Бандихон туманида ишсиз ёшлар бандлигини тааъминлаш учун Наврўз маҳалласида сувсизликдан қаровсиз қолган 260 гектардан ортиқ экин майдонига оби-ҳаёт чиқарилди. Баҳорги экин экиш мавсуми олдидан бу ер вақтинча ишсиз ёшларга ажратиб берилмоқда.  

Сув муаммоси ҳал этилган унумдор ерга эгалик қилаётган йигит-қизлар ўзларига ажратилган майдонларда полиз маҳсулотлари етиштириб, яхши даромад олишни режалаштирмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири