Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театри ва Озарбайжон Республикаси Салян давлат қўғирчоқ театри ўртасида халқаро ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан меморандум имзоланди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда халқимизнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. Миллий санъатимизни асраб-авайлаш ва дунёга кенг тараннум этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга мувофиқ маданият муассасалари хорижлик ҳамкасблари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, ижодий ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Мазкур санъат кошоналари ижодкорларининг ўз асарларини кенг намойиш этиши ва маданият соҳасидаги алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш кўзда тутилган меморандумни Салян давлат қўғирчоқ театри директори Лолазор Усенова ва Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театри директори Олмахон Бердимуратова имзолади.


–Учрашув чоғида қардошларимиз Ўзбекистон, хусусан, Сурхон воҳасига катта қизиқиш билдирди, – дейди Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театри директори Олмахон Бердимуратова. – Биз ҳамкасбларимиз репертуарлари билан яқиндан танишиб, ўз навбатида миллий саҳна асарларимизни тақдим этдик. Шундай қилиб, жорий йилнинг сентябрь ойида машҳур Салян давлат қўғирчоқ театри жамоаси вилоятимизга келиб, ижодий учрашувлар ўтказади. Ёш томошабинларга саҳна асарларини кенг намойиш этади. Жамоамиз билан ўзаро тажриба алмашади. Айни пайтда Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театри санъаткорлари ҳам шу йилнинг октябрь ойида Озарбайжон Республикасида бўлиб, ижодий учрашувлар ўтказиш ва қардош халқ фарзандларини қизиқарли саҳна асарлари билан хушнуд этишга тайёргарлик кўришни бошлади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА