Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё вилояти ИИБда жамоатчилик кенгаши иш бошлади
10:19 / 2023-06-17

Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасида жамоатчилик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Президентимизнинг жорий йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш учун ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи жамоатчилик кенгашлари тузилиши белгиланган эди.  

Қарор ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2023 йил 11 мартдаги буйруғига мувофиқ Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасида ҳам жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Янги тузилма маслаҳат–кенгаш органи ҳисобланиб, таркиби соҳа фахрийлари, маънавият тарғиботчилари, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат.

Жамоатчилик кенгаши йиғилишида вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Ш. Шодиев жамоатчилик кенгашининг ташкил этилиши ички ишлар органлари фаолиятини янги босқичда ривожлантиришда муҳим омил бўлишини таъкидлади. Ички ишлар идоралари ходимлари ва халқ ўртасида ишончли кўприк вазифасини ўташини қайд этди. Сўнгги йилларда ички ишлар органлари фаолиятини очиқ, ошкора, шаффоф ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашди.

Давлатимиз раҳбари қарорида жамоатчилик кенгашларига ички ишлар органлари фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳа бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва тизимли мониторинг олиб бориш, ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ижтимоий фикр ва жамият манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш чораларини кўриш, ички ишлар органлари фаолиятидаги коррупция ҳолатлари бўйича интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларни батафсил ўрганиб, унинг натижасини кенг жамоатчиликка етказиш каби муҳим вазифалар қўйилган.

Йиғилишда жамоатчилик кенгаши раиси, раис ўринбосари ва котиби сайланди. Кенгаш низоми тасдиқланди. Келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА