Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи аҳолига мурожаат қилди
16:08 / 2023-08-23

Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 28 июль куни ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида криминоген вазиятнинг чуқур таҳлилларига асосланиб, бу борада келгусида амалга ошириладиган аниқ чораларни акс эттирувчи маълумотлар билан аҳоли олдида мурожаат билан чиқиш топшириғи берилган эди.

Мазкур топшириқ ижросини таьминлаш учун вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов аҳолига мурожаат қилди.  

– Сўнгги йилларда барча соҳалар каби ички ишлар органларида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилиш ички ишлар органларининг асосий вазифасига айланди, – дейди вилоят ички ишлар бошлиғи А.Исмоилов. – Ички ишлар органлари ходимлари  ҳудудларда “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими асосида жиноятларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларнинг барвақт олдини олиш бўйича ишламоқда.  

Маҳаллаларни тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонига айлантириш учун жойларда хавфсиз муҳитни яратиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган самарали ишлар давом эттирилмоқда.  

Бу борадаги ишлар аҳолини ҳар қандай таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилиш ҳамда улар орасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган ижтимоий профилактик тадбирларга барчамиз бирдек масъуллигимизни белгилаб берди.  

Ҳозир вилоятда жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори бўлган 13 тоифадаги шахслар алоҳида назоратга олиниб, уларнинг муаммолари “ижтимоий профилактика” тамойили асосида бартараф этилади. Шунга кўра, 52 минг 456 нафар бандлиги таъминланмаган ва даромад манбаига эга бўлмаган лаёқатли шахснинг бандлиги таьминланади. 3 минг 745 нафар алкогол маҳсулотлари ва психоактив моддаларга қарам бўлиб қолган шахс соғлом турмуш тарзига қайтарилади. 2 минг 347 нафар ўзаро келишмовчилиги ёки ҳал этилмаган қарздорлиги мавжуд шахсларнинг муаммолари бартараф этилади. 1 минг 405 нафар турмушидан ажрашиб, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолган шахсга ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатилади. 734 нафар мунтазам тазйиқ ва зўравонликка учраб келаётган  шахсга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, ҳимоя ордери берилади. 682 нафар ота-онаси узоқ муддатга хорижий давлатларга кетган вояга етмаганларга васий ва ҳомийлар бириктирилади. 622 нафар низоли оила аъзоларнинг нотинчлигига барҳам, 266 нафар қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга ружу қўйган шахсга ҳуқуқий тушунча берилади.    

Вилоят маҳаллаларида жиноятчиликни жиловлаш самарадорлигини янада ошириш учун “ижтимоий профилактика” тамойили асосида жиноят қилишга мойиллиги бор оғир аҳволдаги аҳоли билан ишлаш бўйича “маҳалла бешлиги” га ҳам тегишли вазифалар белгилаб берилган. “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисида қабул қилинган қўшма қарор асосида профилактика инспекторлари маҳаллалардаги  323 минг 558 та хонадонни ўрганиб, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ёхуд ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 19 минг 329 нафар шахсга хулоса берди. Шу асосда профилактика инспекторлари томонидан маҳалла раисларига 5 минг 803, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларига 4 минг 246, хотин-қизлар фаолларига 5 минг 113, ёшлар етакчиларига 4 минг 167 та хулоса берилган. Қўшма қарор талаблари асосида маҳалла фаолларига берилган хулосалар натижасида 10 минг 459 муаммо бартараф этилди. 

Шунингдек, вилоятда криминоген вазият оғир бўлган 196 маҳаллага вилоят, туман, шаҳар ички ишлар органлари раҳбар ходимлари, прокуратура, Миллий гвардия раҳбарлари ҳамда вилоят ва ҳудудий ҳокимлар бириктирилиб, жиноятчиликни жиловлаш ва маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга ошириш белгилаб олинди.  

Бу ишларни янада сифатли амалга ошириш учун аҳоли гавжум бўлган, криминоген вазияти оғир 15 та маҳалла ҳудудида ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилади. Криминоген оғир маҳалла ва жамоат жойларини назорат қилиш учун Термиз шаҳри ҳудудида  ягона замонавий бошқарув “Вазиятлар маркази” ишга туширилиб, вилоятнинг барча видео-камералари интегратция қилинади.  

Вилоятда мавжуд йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва йўл инфратузилмасини яхшилаш учун светофор қурилмалари, йўл белгилари, йўл тўсиқлари ўрнатиш, ер усти ва ер ости пиёда йўлакларини ўрнатиш жойлари, жиддий хавф туғдираётган йўл қисмларини таъмирлаш юзасидан таклифлар тайёрланиб, амалга оширилиши таъминланади. Барча йўл патруль хизмати инспекторларининг бевосита маҳаллалардаги жавобгарлик ҳудудлари белгилаб берилади.  

Азиз юртдошлар, ушбу “ижтимоий профилактика” йўналишлари бўйича тадбирларни биргаликда самарали ташкил этсак албатта, кўзланган эзгу мақсадга эришамиз, –дейилди мурожаат якунида.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири