English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё вилояти: бир тумандан икки хабар
13:35 / 2022-03-04

Ивановаликлар Қумқўрғонда янги корхона барпо этмоқда. Қумқўрғон туманидаги Азларсой маҳалласида ип-калава, тўқимачилик корхонасига дастлабки тамал тоши қўйилди.

“Qumtexinvest” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа ўтган йил декабрь ойида туман ҳокими Р.Гаффаров ва “Termiz jayxun klaster” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси А.Хусановларнинг Россия давлати Иванова шаҳрига хизмат сафари чоғидаги келишув асосида барпо этилмоқда.  

“Rus-Torg” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда қурилаётган замонавий янги корхонани ишга тушириш учун 52.8 миллион доллар маблағ сарфланади. Корхона ип-калава ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган хориж дастгоҳлари билан жиҳозланади. 1 минг 500 та янги иш ўрни яратилади. Бир йилда 30 миллион доллар қийматидаги тўқимачилик маҳсулоти экспорт қилинади.  

Тўғридан-тўғри хориж сармояси иштирокида қад ростлайдиган йирик корхонага тамал тоши қўйиш маросимида ана шу ҳақда атрофлича фикр алмашилди. Табиийки, замонавий йирик корхона етарли миқдорда сифатли пахта толаси бўлсагина узлуксиз ишлаши, туман иқтисодиётини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиши, ишчилар даромадини ошириб бориши мумкин.  

Шу куни тумандаги “Феруз Акмалович” фермер хўжалиги даласида ўтказилган илмий-амалий семинарда баҳорги уруғ қадаш юмушини ўз вақтида якунлаб, сифатли пахта етиштиришга эътиборни кучайтириш ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Чигит экиш, ғўзаларни парваришлаш, мўл ҳосил йиғиб олиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Тажрибали мутахассисларнинг фикрлари тингланди.  

Жорий йилда туман деҳқонлари 7 минг 952 гектар майдонда “Бешқаҳрамон”, “Бухоро-102” навли пахта етиштиради. Бу йилги об-ҳаво нисбатан илиқ келиб, баҳорнинг ҳар йилгидан эрта бошланаётганидан фойдаланган пахтакорлар чигитни тез кунларда экиб, ғўза ниҳолларини бир текис ундириб олишни мўлжалламоқда. 
Бу ҳақда ЎзАга хабар берган туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Нигора Жумаеванинг айтишича, мазкур фермер хўжалиги туманда биринчи бўлиб мавжуд майдонларга барака уруғи қадашни бошлаб берди.  


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА