Сурхондарё вилоят қўғирчоқ театри ижодий жамоаси қардош Озарбайжон Республикасининг Салян вилоятида сафарда бўлиб, ўз санъатларини намойиш этмоқда.
Бу ҳақда ЎзАга Озарбайжондан хабар берган Сурхондарё вилоят туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Беҳзод Ўроқовнинг айтишича, сафар чоғида қардошларимиз нафақат ўзбек миллий қўғирчоқ театри санъати дурдоналаридан баҳраманд бўлаётир, балки Сурхондарё ва Салян вилоятлари ўртасида маданият ва санъатни янада ривожлантириш, ўзаро туристик ҳамкорлик қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
–Биз Салян вилоят ижро ҳокимияти раҳбари Севиндик Ҳатамов қабулида бўлдик, –дейди Беҳзод Ўроқов. – Вилоятнинг диққатга сазовор жойлари билан танишаяпмиз. Салян тарих музейида бўлдик, 63 минг гектар майдондаги Салян миллий боғини томоша қилдик. Боғда 8 минг бош жайрон ва саноқсиз фламинго қуши мавжуд экан. Миллий боғнинг хушманзара табиати, бой ҳайвонот олами катта қизиқиш уйғотди. Ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашиб, келгуси режаларни белгилаб олаяпмиз.
Гастрол сафари жорий йилнинг июль ойида Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театри ва Салян давлат қўғирчоқ театри ўртасида ижодий ҳамкорлик ўрнатиш бўйича тузилган меморандумга мувофиқ амалга оширилмоқда.
–Озарбайжонда миллий санъатимизни намойиш этиш учун Маданият вазирлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги барча шароитни яратиб берди,–дейди Қўғирчоқ театри директори Олмахон Бердимуратова.–Қардошларимизга И. Лукьянова асари асосида саҳналаштирган “Буюк Ипак йўлидаги карвонсарой” спектаклини намойиш этмоқдамиз. Саҳна асаримиз катта қизиқиш билан қарши олинмоқда.
Сурхондарё вилояти делегациясининг қардош Озарбайжонга сафари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири