Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё стеласи сайёҳларни мафтун этмоқда
11:14 / 2021-05-31

Сурхондарё тарафларга отланиб, М-39 халқаро автомобиль йўли билан воҳага қадам ташласангиз Бойсун туманидаги Шифобулоқ маҳалласи ҳудудида қад ростлаган “Surxondaryo viloyati” деган ёзувли, воҳага кириш бошланишини кўрсатувчи бадиий безакли стелага кўзингиз тушади.

Воҳанинг бой тарихи ва бугунги фаровон, обод ҳаёти акс этган стела айни пайтда йўловчилар бир тўхтаб, нафас ростлайдиган, зийрак ва беғубор болажонлар эсдалик учун суратга тушадиган ажойиб масканга айланмоқда. Стелага боқар экансиз, учқур отда елиб бораётган Алпомиш, жанубнинг чарақлаб турган қуёши, сархил мевалари-ю, бошқа ерусти ва ерости бойликлари, тарихий обидалари кўз ўнгингизда гавдалангандек бўлади.  

Бу ерда ўрнатилган ўтов ҳам кишини беэътибор қолдирмайди. У жанубдаги воҳага хос услубда юксак дид билан безатилган. Миллий ва замонавий дизайнга эга стела атрофида чиройли манзара барпо этиш учун йирик ҳажмдаги ободонлаштириш бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.  

–Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан қадимий ва ҳамиша навқирон воҳани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, сайёҳлик салоҳиятини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир, – дейди вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар бўйича ўринбосари Ж.Тўраев.– Яқинда ўрнатилган кўркам дизайнга эга стелани бунёд этиш учун 1 миллиард 380 миллион сўм маблағ сарфланган. Янги стела дунё давлатларидан катта қизиқиш билан воҳага келаётган сайёҳларга ҳам манзур бўлмоқда.  

Келгусида бу жойда турли хизмат кўрсатиш ва савдо нуқталари қурилиб, сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Сурхоннинг энг мазали таомлари ва болдек ширин турфа меваларини татиб кўриш, нафис ва сержило миллий ҳунармандлик буюмларини харид қилиш имконияти яратилади. Бу қулайликлар Сурхондарё вилоятига кириб келаётган меҳмонларни қучоқ очиб кутиб олиш ҳамда уларга хуш кайфият улашишга хизмат қилади.  

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА