Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё мактабларида биринчи қўнғироқ садолари янгради
13:31 / 2024-09-04

Сурхондарё вилоятидаги умумтаълим мактабларида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “Биринчи қўнғироқ” тадбири ўқитувчилар, ўқувчи-ёшлар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик иштирокида юксак савияда ўтказилди.

Жумладан, Бойсун туманидаги 39-мактабда янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, барчани Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами билан табриклади. Ўқувчиларнинг аъло баҳоларга ўқиб, келажакда Янги Ўзбекистон равнақи учун муносиб ҳисса қўшадиган етук инсонлар бўлиб улғайишига омад тилади ва биринчи синф ўқувчиларига “Президент совғаси”ни топширди. 

Янги ўқув йилида туманнинг Мустақиллик маҳалласидаги 39-мактабда 63 ўқитувчи 926 ўғил-қизга фан сирларини ўргатади. Бугун мактабга 94 нафар ўғил-қиз илк қадам қўйди. 

Мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” эзгу ғоя асосида мактаб таълимида амалга оширилаётган ислоҳотлар чуқур билим ва истеъдодга эга ўқувчиларни камолга етказишда ўз самараларини бермоқда. Таълим сифати ва инфратузилмаси йил сайин ривожланиб бормоқда. Жумладан, биргина Сурхондарё вилоятида жорий йил инвестиция дастури асосида 7 та мактабда мукаммал, 48 та мактабда капитал таъмирлаш ишлари бажарилди. Учта янги мактаб қад ростлади, 11 та янги мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, 13 таси тубдан реконструкция қилинди. 2024 йил 1-мавсум “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 41 та мактабда 40 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. 

Умумтаълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш учун маҳаллий бюджетдан 6 миллиард 517 миллион сўм маблағ ажратилиб, вилоятдаги 862 та таълим муассасаси янги ўқув йилига тахт қилинди. Республика бюджет маблағлари ҳисобидан 138 та умумтаълим мактаби 2 минг 346 та замонавий компьютер жамланмаси билан таъминланди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида 5 та умумтаълим мактаби 106 та компьютер жамланмаси билан жиҳозланди, 92 та умумтаълим мактабига 3 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилиб, 154 та замонавий электрон доска билан таъминланди. Республика бюджети ҳисобидан 948 та мактабга 7 турдаги мусиқа анжоми ва 5 турдаги бирламчи спорт жиҳозлари етказиб берилди. 

Таҳлилларга кўра, таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичини сўнгги 5 йилда 12 фоиздан 34 фоизга оширди. Воҳа ўқувчиларининг Халқаро ва мамлакатимиз фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритиши анъанага айланди. 

Термиз шаҳридаги 3-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Биринчи қўнғироқ” тадбири ҳам, айниқса, мактаб остонасига илк қадам қўйган жажжи ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ва устозлари учун ҳаяжонли дамларга бой бўлди. 

Вилоят марказидаги барча замонавий шароитларга эга мактабда 2 минг 170 нафар ўқувчи таълим олади. Уларнинг 280 нафари янги ўқув йилида биринчи синфга қабул қилинган ўқувчилардир. Ёш авлодга 140 га яқин ўқитувчи илм сирларини ўргатади. 

Жорий ўқув йилида вилоятдаги 966 мактабда 548 мингдан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олади. Ўқувчиларнинг 58 минг 700 га яқини мактабга дастлабки қадамини ташлаган болажонлардир. 

Вилоятда ўтказилган “Биринчи қўнғироқ” тадбирларида мактаб остонасига илк қадам қўйган ўқувчиларга ўқув қуроллари жамланган “Президент совғаси” топширилди. 

Тадбирларда ўқувчилар Ватан, тинчлик ва бахтли болаликни мадҳ этувчи шеърларни ўқиб, куй ¬ қўшиқлар ижро этди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири.