Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё коррупциядан холи ҳудудга айланадими?
15:46 / 2023-06-26

Термизда Коррупцияга қарши курашиш Сурхондарё вилояти ҳудудий кенгаши 2022 йил ва жорий йилнинг беш ойида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ташкил этди.

Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этган тадбирда ҳудудий кенгаш раиси ўринбосари Абдукарим Аҳмедовнинг ахбороти тингланди.  

Қайд этилдики, Коррупцияга қарши курашиш Сурхондарё вилояти ҳудудий кенгашининг ўтган йил ва жорий йилнинг беш ойидаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига мувофиқ амалга оширилди.  

Ўз сафига 38 аъзони бирлаштирган ҳудудий кенгаш таркиби турли соҳа вакилларидан иборат бўлиб, уларнинг 3 нафари Олий Мажлис Сенати аъзоси, 6 нафари маҳаллий кенгашлар депутати, 8 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, 11 нафари вилоят ташкилотлари, 10 нафари нодавлат-нотижорат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидир.  

Ҳудудий Кенгаш аъзоларининг ҳар бирига иш фаолиятидан келиб чиққан ҳолда воҳани коррупциядан холи ҳудудга айлантириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган. Уларнинг ижроси бўйича кенгаш йиғилишларида ҳисоботларини эшитиб бориш йўлга қўйилган.  

Ҳисобот даврида ҳудудий кенгашнинг 15 та ҳисобот йиғилиши ўтказилди ва коррупция ҳолатлари кўп учраётган 24 та ҳудудий давлат органлари, ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, атрофлича муҳокама этилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Белгиланган медиа-режага асосан вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида ҳудудий кенгаш фаолияти кенг ёритилмоқда.  

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан ўтказилган Аксилкоррупция ҳафталиги доирасида ҳудудий кенгаш аъзолари ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида “Коррупция ривожланишига тўсиқ”, ёшлар ўртасида “Коррупцияга йўқ, дейлик”, “Ёшлар коррупцияга қарши” шиорлари остида қирққа яқин тарғибот тадбирлари ва акциялар уюштирилди.  

Вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг кириш қисми ва ички йўлакларига, кўзга ташланадиган жойларга 3 минг 500 дан ортиқ панно, баннер ва флайер илинди. Аҳоли гавжум жойлар, марказий кўчалар ҳамда бозорлар атрофида жойлашган реклама устунларига коррупцияга қарши кураш бўйича 60 дан зиёд тарғибот материали жойлаштирилди.  

–Коррупцияга қарши курашиш масалалари халқ депутатлари вилоят кенгаши сессияларида муҳокама этиб борилмоқда, – дейди ҳудудий кенгаш раиси ўринбосари Абдукарим Аҳмедов. – Уларда ҳудудий кенгаш йиғилишларида берилган топшириқлар ижроси ҳамда ҳозирги кунда коррупцион ҳолатлар кўп кузатилаётган соҳаларда унинг олдини олишга қаратилган таъсирчан чораларни кўриш масалалари муҳокама қилинаётир. Шунингдек, Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини тузиш бўйича низомлар ишлаб чиқилиб, сессия қарори билан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда турли соҳа вакилларини ўз ичига олган таркиб тасдиқланган.  

Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харита” га асосан вилоят халқ таълими ва мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси фаолияти ўрганилиб, натижаси ҳудудий кенгаш йиғилишида танқидий муҳокама этилди. Унда бошқарманинг коррупцияга қарши курашиш бўйича йўл қўйган камчиликлари кўрсатилиб, зудлик билан бартараф этилиши назоратга олинди.  

Вилоятда ўтган йилнинг беш ойида 234 шахс 194 жиноят содир этган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 307 шахс 234 коррупцион жиноятга қул урган. Бу рақамлар воҳани коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш учун нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик ҳамкорлигида кенг қамровли ишларни амалга оширишни тақозо этмоқда. Вилоятдаги банк, энергетика, маҳаллий ҳокимлик, сув хўжалиги, кадастр каби соҳаларда бундай жиноятларга кўпроқ дуч келинмоқда.  

Брифингдан давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар веб-сайтларида ўн саккизта ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни очиқ маълумот сифатида жойлаштириб, доимий янгилаб туриш борасидаги ишлар, мазкур йўналишда йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири