Президентимиз жорий йил 19-20 июнь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида мамлакатизмиздаги барча туман ҳокимлари Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдала туманларида ишга тушган янги лойиҳалар билан танишиши, ўзларида шундай лойиҳаларни амалга ошириши лозимлигини айтганди.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ва барча туманлари ҳокимлари Қашқадарёда бўлиб, ҳудудлардаги янги лойиҳаларни кўздан кечирди.

Сурхондарё вилояти делегацияси қўшни тумандаги сафарини Қарши шаҳридаги “Алп техно сервис” масъулияти чекланган жамиятининг замонавий телевизор ва электрон плиталар ишлаб чиқариш корхонаси билан танишувдан бошлади. Яккабоғ туманининг “Янги Ўзбекистон” массивидаги “Эко бозор”, мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби, бошқарув сервис компанияси ва маҳалла биносини бориб кўрди. Шаҳризабз шаҳрининг Пиллачилик маҳалласида қад ростлаган Кўп тармоқли кардиология жарроҳлик ва диагностика маркази, Мевазор маҳалласида маҳаллабай ишлаш тизими, Улоч маҳалласи ҳудудидаги 500 гектар ерда барпо этилаётган узумчилик-боғдорчилик, “Шаҳрисабз” туризм маркази ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди.

¬–Сафар чоғида қўшни Қашқадарё юксалишнинг янги босқичида дадил одимлаётганига гувоҳ бўлдик,¬–дейди вилоят ҳокими ўринбосари, -туризм бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев.¬ –Қисқа даврда Кўкдала тумани маъмурий марказини замонавий кўринишга келтириш бўйича амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари ҳам бизда катта қизиқиш уйғотди. Шу тумандаги “Еттитом” кичик саноат зонаси фаолияти билан танишув таассуротларимизни янада бойитди. “Шаҳрисабз” туризм маркази ҳудудидаги ишларни қизиқиш билан ўрганиб, ўзаро тажриба алмашдик.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрдаги “Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ барпо этилаётган “Шаҳрисабз” туристик маркази учун 240 гектар ер майдони ажратилиб, уни бошқариш мақсадида Туризм департаменти ташкил этилган.

Сурхондарё вилояти делегацияси аъзоларининг таъкидлашича, замонавий туристик марказ инфратузилмаси учун йўл, ичимлик ва оқова сув, электр таъминоти ва интернет алоқа тармоғига республика бюджетидан 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Жумладан, "Оқдарё дарёси" қирғоғида 23 миллиард сўмлик бюджет маблағи ҳисобидан 10 километр узунликда саломатлик, пиёдалар ва вело йўлак қурилган. Дарёнинг икки қирғоғини боғлаш учун пиёдаларга мўлжалланган 3 та кўприк фойдаланишга топширилган. “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг кредит маблағлари ҳисобидан 212 миллиард сўмлик 300 ўринли 4 қаватли меҳмонхона, 72 миллиард сўмлик 300 ўринли хостел, ресторан, спорт зал, болалар майдончаси каби лойиҳалар ишга туширилиб, 130 та иш ўрни яратилган.

“Асакабанк”нинг 321 миллиард сўм маблағи эвазига 300 ўринли 4 қаватли меҳмонхона, икки қаватли савдо комплекси ва ресторан қурилиб, юз кишининг бандлиги таъминланган. “Миллийбанк” 170 миллиард сўм инвестиция ҳисобига 75 кишининг бандлигини таъминлайдиган дор йўли, автотураргоҳ, замонавий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш мажмуасини ташкил этмоқда. Шунингдек, аукцион савдосига чиқарилган 6,6 гектар майдондаги 7 та лотда тадбиркорлар 81 миллиард сўм ўз маблағи ва 7 миллиард сўм тижорат банки кредити кўмагида 150 иш ўрни яратиладиган туризм лойиҳаларини амалга оширмоқда.
“Ҳисоракгидроқурилиш” масъулияти чекланган жамияти Туркиянинг “Vertebro” компанияси ишлаб чиқган мастер режа асосида 130 миллиард сўм ўз маблағи ҳисобидан 8 гектар майдонда кунига минг сайёҳга хизмат кўрсатувчи дам олиш маскани барпо этмоқда. Бу ерда юзта иш ўрни яратилади. Ҳудудда истироҳат боғи ва яшил боғ, 1 гектар майдонда кўп қаватли автотураргоҳ бунёд этилади.
Туман ҳокимларида йилига 160 тонна форель балиғи етиштириш, минг кишининг бандлигини таъминлайдиган кооперация усулидаги 520 гектар майдондаги боғдорчилик агротуризм мажмуаси, 80 ўринли меҳмонхона, 120 ўринли ресторан, 60 сотих ер майдонида 620 миллион сўм маблағ эвазига 500 бош ўрдак парваришланадиган лойиҳалар ҳам алоҳида қизиқиш уйғотди.
Ён қўшни вилоятдаги ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан танишиб қайтган сурхондарёлик ҳокимлар ўз ҳудудларида Қашқадарёдаги каби янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тегишли режаларни белгилаб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири