Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё ҳокими ҳар ойда бир марта афғонистонлик тадбиркорларни қабул қилиб, муаммоларини ўрганади
17:41 / 2021-02-22

Бу ҳақда вилоят раҳбари Тўра Боболов воҳада тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўз бизнесини юритаётган қўшни Афғонистон Ислом Республикаси ишбилармон доираси вакиллари билан бўлган учрашувида маълум қилди.

Очиқ мулоқот чоғида, уларнинг ютуқ ва муаммоларини тинглаб, тадбиркорлар ўртага ташлаган масалаларга эътибор қаратди.  

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг сўнгги йиллардаги учрашувлари икки қўшни давлат ўртасидаги ўзаро дўстлик, биродарлик ришталари, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Хорижий инвесторларга юртимизда яратилган қулай муҳитдан фойдаланиб, афғон ишбилармонлари Сурхон воҳасида саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш каби тармоқларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётгани қайд этилди.

Бундан саноқли йиллар муқаддам Сурхондарё вилоятида қўшни мамлакат сармоядорлари иштирокида 40 дан ортиқ қўшма ва хорижий корхона фаолият юритган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 300 га яқинлашди. Пандемия дунё иқтисодиётига чанг солган ўтган йили афғон сармоядорлари ҳудудга 33 миллион доллар қийматида инвестиция киритиб, вилоят қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилган. Шунингдек, воҳа корхоналари Афғонистонга 42 миллион доллардан ортиқ қийматдаги маҳсулотларни экспорт қилган. Унинг асосий қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этади.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси асосида воҳага хорижий инвесторларни жалб этиш, уларга қўшимча қулайликлар бериш учун Афғонистон Ислом Республикаси ва Сурхондарё вилояти чегара олди ҳудудида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва “Термиз халқаро савдо маркази” ташкил этилаётгани мамлакатларимиз ишбилармон доиралари учун қулай имконият яратаётир. 26 гектар майдонда барпо этилаётган “Термиз” халқаро савдо марказида замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш хизматлари, электрон савдо порталлари ташкил этилиб, икки давлат ишбилармонлари учун тўлиқ савдо-сотиқ қилиш муҳити яратилади.

– Кейинги йилларда икки давлат ишбилармонлари учун яратилаётган қулайликлардан қандай фойдаланяпмиз, – деди вилоят ҳокими Т.Боболов. – Бугун сизлар билан бафуржа гаплашиб, бу борадаги ишларимизни таҳлил қилиб оламиз. Муаммоларингизни тинглаб, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан ечимини топамиз. Мана, Амударёнинг шундоқ ёнида давлатимиз раҳбари ғояси билан “Термиз” халқаро савдо марказини барпо этаяпмиз. Бу ерда нафақат, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари балки, сизлар ҳам ўз маҳсулотингизни олиб келиб, сотиш имкониятига эга бўласиз. Қадимдан яқин дўст ва ишончли ҳамкор бўлиб келган ён қўшнимизни қўллаб-қувватлаш бизга аждодлардан қолган шарафли бурчдир. Тўғри, жаҳонга чанг солган пандемия бизнинг учрашувларимизни ҳам чеклаб қўйди. Эндиликда ҳар ой бир кунни сизлар учун ажратиб, ютуқ ва муаммоларингизни тинглайман. Сизлар учун қўлимдан келган барча ёрдамни аямайман.

Очиқ мулоқотда юзга яқин афғонистонлик тадбиркор иштирок этди. Уларнинг элликка яқин мурожаати тингланиб, ўртага ташлаган муҳим масалаларга ечим изланди. Жумладан, Бойсун туманидаги “PRB Investment Co” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Касер Суреж Аҳмад электр энергиясидаги узилишларнинг олдини олиш учун лойиҳани ишга туширгунча алоҳида трансформатор ўрнатиб бериш ва Шеробод цемент заводидан клинкер маҳсулоти олишда ёрдам сўради. Бу масала тегишли ташкилотлар томонидан яқин кунларда ҳал этиладиган бўлди. “Грин Голд Нурсери” масъулияти чекланган жамияти бошлиғи Исматулло Раҳимий Сариосиё туманида 25 гектар майдонда интенсив мевали боғ барпо этгани, бироқ дала шийпони қуришга маҳаллий ҳокимликдан рухсат ололмаётганини баён этди. Бу муаммо ҳам ўз ечимини топадиган бўлди.  Унга боғ ёнида енгил конструкцияли шийпон қуриш тавсия этилди. Термиз туманидаги “Термиз юнг  ишлаш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Маҳдум Асадуллонинг кириш рухсатномасини бир йилга узайтириш бўйича сўраган ёрдами ҳам жойида ҳал этилди.  

Бойсун туманидаги “Бойсун тараққиёт Муҳаммад” фермер хўжалиги 70 гектар майдонда коврак ўсимлигини парваришлайди. Иккита чорва комплекси барпо этиб, Қозоғистондан 240 бош қорамол, Покистон давлати ва Навоий вилоятидан беш юз бош эчки олиб келган. Айни пайтда хўжаликда 120 дан ортиқ киши меҳнат қилади. Хўжалик раҳбари Камолиддин Камол коврак ширасини экспорт қилиш учун квота олиш ҳамда чорвачиликни ривожлантириш учун яйлов ажратишда амалий ёрдам кўрсатишни сўради.  

– Мурожаатимни эшитган вилоят раҳбари тез кунларда уни ҳал этиб беришга ваъда қилди, – дейди афғонистонлик Камолиддин Камол. – Ўтган йили хорижга 800 минг доллар қийматидаги маҳсулотни жўнатган эдик. Яна 50 тоннага яқин шифобахш маҳсулотимиз бор. Ўзбекистонда тинчлик, осойишталик бўлгани учун биз ён қўшни воҳага маблағ тикиб, ўз бизнесимизни юритаяпмиз. Кейинги йиллардаги эътибор ва берилаётган имтиёзлардан жуда мамнунмиз. Бу осуда юртингизда бизнесимизни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.  

Қабул чоғида афғонистонлик ишбилармонлар замонавий клиника, хусусий мактаб барпо этиш, меҳмонхона ва умумий овқатланиш нуқтаси, чорвачилик комплекси қуриш, доривор гиёҳлар, мева-сабзавот етиштириш учун ер майдони ажратиш, доимий яшаш ҳуқуқини олишда кўмаклашиш каби масалаларни ҳам ўртага ташлади.  

Мулоқотда қўшни давлат ишбилармонларининг аксарият мурожаатлари жойида ечимини топди. Ҳал этилиши вақт талаб қиладиган масалалар бўйича муддат белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди.  

Учрашувда Афғонистон Ислом Республикасининг Термиз шаҳридаги бош консули Сангин Скандари, Ўзбекистон Республикасининг Мозори Шариф шаҳридаги консули Жавҳар Фаттоев иштирок этди.  

Шу куни вилоят ҳокими Тўра Боболов Афғонистон Ислом Республикасидан Сурхондарё вилоятига инвестиция киритиш истагида келган 20 дан ортиқ тадбиркорни ҳам қабул қилди.

Қабул чоғида қўшни давлат сармоядорлари вилоятнинг бой тадбиркорлик салоҳияти, хорижлик инвесторлар учун мавжуд имтиёзлар, преференциялар, мамлакатларимиз ишбилармонлари доирасининг тенг шерикликка асосланган ўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида етарли маълумотга эга бўлди. Меҳмонлар “Термиз” эркин иқтисодий зонаси раҳбари Улуғбек Сапиевнинг Термиз туманидаги Айритом маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва “Термиз” халқаро савдо марказида яратилаётган замонавий шароит ва қулайликлар тўғрисидаги тақдимоти билан яқиндан танишди. Уларни қизиқтирган саволларга  жавоб берилди.  

 

Афғонистонлик бўлажак инвесторлар самимий қабул 

учун вилоят раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА