Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё Хитой билан ўтмишдаги анъаналарини қайта тикламоқда
10:19 / 2024-01-24

Тарихчиларнинг айтишича, ўтмишда Сурхондарё вилояти ривожланган Кушонлар салтанати даврида дунёнинг бошқа нуфузли давлатлари қатори Хитой билан савдо-сотиқ, иқтисодий ва расмий алоқаларни йўлга қўйган. Маданий соҳадаги ҳамкорлик кенгайган. Ҳунармандчилик хўжалиги юқори даражада юксалиб, соҳанинг кулолчилик, металсозлик, қуролсозлик, тўқимачилик, шишасозлик каби турлари ривожланган. Олимларнинг қайд этишича, манбаларда Бақтрия шишасозлари 420 йилда Хитой пойтахтида турли рангдаги шишалар тайёрлаб, хитойликларни ҳайратда қолдиргани ҳақидаги маълумотлар ҳам сақланиб қолган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин мамлакатларимизнинг ўзаро дўстликка асосланган бу алоқаларини қайта ривожлантириб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини янги босқичда юксалтирмоқда.  

Давлатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг йилдан-йилга кенгайиб бораётгани Сурхондарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришда хитойликлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қулай муҳит, кенг имконият яратди.  

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан Президентимизнинг бу сафарги ташрифи доирасида Сурхондарё вилояти делегацияси Чин давлатида бўлиб, кўплаб янги келишувларга эришди. Кошғар округи билан Қизириқ тумани ўртасида дўстлик меморандуми имзоланди. Нуфузли компаниялар вакиллари билан учрашувларда кўплаб истиқболли инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишув тузилди. Жумладан, “Xinjiang Lihua Group” компанияси қиймати 200 миллион долларлик 30 минг гектар ерни ўзлаштириш ва текстиль кластерини ташкил этиш лойиҳасини амалга оширадиган бўлди. “Hebei Yishun Supply Chain” компанияси қиймати 100 миллион долларлик “Логистика маркази ташкил этиш” лойиҳасини, “Power Uhuru Share” компанияси 20 миллион долларлик “Желатин ишлаб чиқариш” лойиҳасини барпо этиш истагини билдирди.  

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан учрашувларда Kezhou Congling Industrial Co., Ltd компанияси воҳада мавжуд фойдали қазилмаларга катта қизиқиш билдириб, металл рудаси, мис, кўмирни қазиб олиш ва қайта ишлаш йўналишида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. “JIA XING RUI XU TRADE LTD” компанияси раҳбари жорий йилнинг май ойигача Сурхондарё вилоятига 35 га яқин корхона вакиллари билан келиб, бизнес форуми ўтказиш, чорвачилик, омухта ем, балиқчилик, паррандачилик каби йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирди. “Power Uhuru Share Ltd” компанияси  темир рудаси ва волфрам қазиб олиш ва қайта ишлаш, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва муқобил энергия, желатин ишлаб чиқариш сингари соҳаларни ривожлантиришга ҳисса қўшишга келишди. “BEIXIN ROAD&BRIDGE” компанияси “М-41” халқаро магистрал йўлини давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция қилиш, “Амузанг-1” ва “Амузанг-2” сув иншоотларини таъмирлаш лойиҳаларига катта қизиқиш билдирди. Шунингдек, Хитой компаниялари давлат-хусусий шериклик асосида оқова сув тизимларини яхшилаш, инфратузилма объектларини қуриш, Урумчи-Термиз савдо уйи ва Сурхондарё вилояти ваколатхонасини очиш, велосипед, скутер териш, металлни қайта ишлаш ва металдан қувур, профиль ишлаб чиқариш, энергияни сақлаш тизимини жорий этиш, юқори ва паст кучланишли тақсимловчи шкаф ва трансформаторлар, водород ишлаб чиқариш, электростанциялар ташкил этиш каби йўналишларда ҳамкорлик қиладиган бўлди.  

Сурхон воҳаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бойлиги, уларнинг эртапишар ва таъми оғизда қоладиган ширинликка эгалиги билан ажралиб туради. Вилоятда йилига 2,5 миллион тонна мева-сабзавот етиштирилиб, 200 минг тоннадан ортиғи мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари ва бошқа хорижий давлатларга экспорт қилинади.

Маълумотларга кўра, ўтган йил вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 325,2 миллион долларни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткичнинг 69,6 миллион доллари ёки жами ташқи савдо айланмасининг 21 фоизи Хитой давлатига тўғри келган. Вилоят корхоналари 7,1 миллион долларлик мева-сабзавот, 29,5 миллион доллар қийматидаги тўқимачилик, 0,9 миллион долларлик ипакчилик ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилган. Хитойдан 32,2 миллион доларлик трикотаж, кимёвий, фармацевтика маҳсулотлари, асбоб-ускуна, металл ва бошқа маҳсулотлар олиб келинган. 

Айни пайтда жанубдаги воҳада фаолият юритаётган 21 та Хитой корхонасининг 11 таси йирик лойиҳалардир. Масалан, "Huashen Silkworm Pro" масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси пиллачиликни ривожлантирмоқда. "Surxon Stroy Invest" хорижий корхонаси масъулияти чекланган жамияти замонавий тураржой, меҳмонхона қуриб, супермаркет барпо этмоқда. "Zhong Wei" масъулияти чекланган жамияти қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошираётир. Маҳаллий сармоядорлар хитойлик ҳамкорлари билан амалга оширишни режалаштираётган Шеробод тумани “Чорбоғ” массивида қиймати 600 миллион долларлик калий қазиб олиш ва қайта ишлаш,  Олтинсой туманида қиймати 50 миллион долларлик кўмир қазиб олиш, воҳа ҳудудларида қиймати 50 миллион долларга тенг кўмирдан коогенерация усулида синтетик газ ишлаб чиқариш сингари лойиҳалар ҳам вилоят саноатини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Бир миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, икки мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.  

Сурхондарё Ўзбекистоннинг ер ости ва ер усти бойликларига сероб вилоятларидан бири. Ҳудудда 105 та фойдали қазилма конлари мавжуд бўлиб, уларда Менделеев жадвалидаги деярли барча элементларни учратиш мумкин. Воҳада 711 миллион тонна цемент хомашёси, 43 миллион тонна гипс, 16 миллион тонна охактош, 57 миллион тонна керамзит, 3 миллион тонна целестин, 3 миллион тонна кварц қумтоши, 20 миллион тонна бентонит, 2 миллион тонна фосфорит, 5 миллион тонна чинни буюмлар хомашёси ва 70 миллион тонна кўмир захираси бор.  

Икки дўст давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама мустаҳкамланиб бораётгани воҳадаги қазилма бойликларни маҳаллий ва хитойлик инвесторлар иштирокида ўзлаштириб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги учун йўналтиришда муҳим омил бўлади. Сурхондарёлик мутахассислар бу борада йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан қатор истиқболли лойиҳаларни тайёрламоқда. Бу лойиҳалар ҳам қадимда Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Сурхон воҳасининг Хитой билан ўтмишдаги яқин дўстлик, биродарлик анъаналарини қайта тиклаш йўлида дадил одим ташлаётганига яққол далилдир.  

Холмўмин  Маматрайимов,  

ЎзА мухбири