Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё делегацияси Ширазда
14:55 / 2025-12-11

Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, вилоят инвестициялар, саноат ва савдо ҳамда вилоят савдо-саноат палатаси мутасаддилари ва бир гуруҳ тадбиркорлардан иборат делегация аъзолари Эрон Ислом Республикасининг Шираз шаҳрида бўлиб ўтаётган ихтисослаштирилган саноат, машиналар, ускуналар, ёғоч эшик, мебель саноати ва металлургия кўргазмасида иштирок этмоқда.

Сурхондарё вилоят ҳокимининг таклифига биноан жорий йилнинг 7-8 ноябрь кунлари Эрон Ислом Республикасининг Форс вилояти ҳокими Хоссейн Али Амирий бошчилигидаги делегация аъзолари Сурхон воҳасида бўлиб, ҳудудлар билан яқиндан танишган ва музокаралар чоғида икки вилоят ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

Сурхондарё вилояти делегациясининг Форс вилояти маъмурий маркази – Шираз шаҳрида ўтказилаётган жанубий Эроннинг энг йирик саноат кўргазмасида қатнашиши ҳам мазкур келишувга мувофиқ икки томонлама ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганини намоён этмоқда.

Сафар чоғида вилоят делегацияси Ширазнинг саноат салоҳияти, ишлаб чиқариш қувватлари ва янги технологиялари билан яқиндан танишмоқда. Ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш, саноат маҳсулотлари айирбошлашни кенгайтириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда Евросиё бозорларига чиқиш масалаларини муҳокама қилмоқда. 

Форс вилояти мутасаддилари Ўзбекистон делегациясининг ҳудудга сафарини минтақавий иқтисодий дипломатияни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида баҳолаб, бу ҳамкорлик келгусида Форс вилоятига ўзбекистонлик инвесторлар ва тадбиркорларни кенг жалб этишга хизмат қилишини қайд этмоқда. 

Эрон Ислом Республикасига сафар мамлакатларимиз ўртасида ўсиб бораётган иқтисодий муносабатларда амалий ҳамкорликни кенгайтириб, қўшма инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Кўргазма 12 декабрь куни якунланади. 

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири