Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарё “Бойсун баҳори” иштирокчиларини чорламоқда
16:20 / 2022-04-20

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 февралдаги “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ шу йилнинг 7-8 май кунлари Сурхондарё вилоятининг сўлим тоғлари қўйнидаги Паданг кенгликларида “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтади.

Дунё халқларининг энг қадимий гўзал наволари ва миллий қадриятлар тараннум этиладиган фестивални юксак савияда ўтказиш учун сурхондарёликлар қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Халқаро фестиваль ташкилотчилари шу кунларда баланд тоғ қўйнида баҳорги ёғингарчиликнинг сероб бўлаётгани янги қиёфада бўй кўрсатган нуфузли тадбирни ўтган йиллардаги очиқ фольклор фестивалдан фарқли янада серзавқ ўтказишига хизмат қилишини алоҳида таъкидламоқда. Чунки, табиат теварак-атрофни яшил майсазорга буркаб, барчага бирдек завқ улашадиган гўзал манзара яратмоқда. Ҳозирдан ям-яшил арчалар, турли гиёҳлар ва анвойи гуллар ифори димоққа урилиб, бу ерга келган кишининг руҳиятига ором бахш этаётир. Шунга мос равишда воҳа аҳли аждодларимизнинг орзу-интилиш ва эзгу тилаклари куйланадиган гўзал табиат ва қадимий қадриятларимиз, урф-одатларимиз уйғунлигидаги нафис фестивални катта байрам сифатида ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Барча ишлар вилоят ҳокимлиги белгилаб олган чора-тадбирлар асосида амалга оширилиб, муқаддас қадамжолар, археологик ёдгорликлар ва бошқа туристик обьектлар атрофи ҳамда уларга олиб борадиган йўллар тартибга келтирилмоқда.  

Термиз шаҳри ва туманлар байрамона безатилиб, фестиваль руҳини акс эттирган баннерлар ўрнатилаётир. Табиатнинг турфа анвойи гулларига бурканаётган яшил кенгликка олиб борувчи йўллар таъмирланиб, фестивалнинг асосий тадбирлари бўлиб ўтадиган майдонга ўтов уйлар тикилмоқда. Меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ҳам тахт қилиб қўйилмоқда. Жаҳоннинг фольклор санъати ижрочилари ва мухлисларини гўзал табиат қўйнида жамлайдиган тоғли туманда 252 ўринли олтита меҳмонхона, 339 ўринга эга 40 та меҳмон уйи мавжуд. Тадбир арафасида Омонхона шифобахш булоғи ҳудудида яна 80 ўринли иккита янги меҳмонхона иш бошлади. Фестиваль кунлари жанубдаги воҳага узоқ-яқиндан келадиган меҳмонлар учун 1 минг 800 дан ортиқ ўринга эга замонавий жойлаштириш воситалари шай қилиб қўйилди. 

– Қадимий туманимизда ўтказилаётган ушбу тадбирга бу йил халқаро фольклор фестивали мақоми берилганини эшитиб, жуда қувондик, – дейди Бойсун туманидаги “Грант” меҳмонхонаси директори Раъно Ҳасанова. – Шу кундан бошлаб ўтган йили иш бошлаган меҳмонхонамизни кўздан кечириб, янада қулай шароитлар яратдик. Эндиликда хорижлик меҳмонларни ҳам ёруғ юз билан қарши олиб, уларга кўнгилдагидек сифатли хизмат кўрсатишимиз мумкин.  

– Фестиваль ўтиши белгиланган бош режага асосан хушманзара табиат қўйнида 150 дан ортиқ ўтов ўрнатилди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, фестивални ташкил этиш ва ўтказиш ташкилий қўмитаси аъзоси Жўрабек Тўраев. – Туманлар, йирик корхона ва вилоятдаги миллий маданият марказлари ўзларининг алоҳида қўрғонларини яратиш жойлари тақсимлаб берилди. Туманлар ва йирик корхоналар қўрғонларида миллий урф-одат ва қадриятларимиз, таомларимиз, ноёб маданиятимиз намойиш этилади. Миллий маданият марказлари қўрғонларидан турли миллатларнинг урф-одатлари, маданияти ва таомлари жой олади. Халқ ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ва сувенирлар савдоси учун махсус расталар тайёрланмоқда. Фестиваль кўрик-танлови ўтказадиган ва фольклор жамоалар, бахшилар ҳамда бошқа санъат намояндалари чиқишлари учун махсус саҳналар тайёрлашга киришилмоқда.  

Яна бир янгилик: зиёрат туризми ихлосмандларини Бойсун тоғ тизмасининг Падангдаги баланд чўққисига туташ манзилда мангу қўним топган Хўжақўчқор ота зиёратгоҳига олиб борувчи йўлга асфальт ётқизилиб, муқаддас қадамжога келувчилар учун зарур қулайлик яратилди. Мафтункор бу гўшада экотуризм шайдолари учун тадбиркор Хуршид Тўрақулов барча замонавий шароитларга эга туристик маскан барпо этди. 
Вилоятдаги фольклор жамоалари, эл суйган бахшилар, вилоят мусиқали драма ва вилоят қўғирчоқ театрлари санъаткорлари ҳам ўз маҳоратини кенг намойиш этишга алоҳида ҳозирлик кўрмоқда. Фестиваль доирасида сайллар, концертлар, вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштириш, қизиқарли турли кўрик-танловлар, этноспорт бўйича беллашувлар, веламарофон ва дроншоу каби тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказишга тайёргарлик ишлари ҳам давом этмоқда. 


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА