Термиз шаҳридаги Гулистон маҳалласида баҳорги кўчат экиш мавсумига старт берилди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, илк кўчатни қадади. Шунингдек, туманлар студиялари орқали онлайн боғланган иштирокчиларга баҳорнинг эрта келаётганидан фойдаланиб, кўчатни тез ва сифатли экиш юзасидан тавсияларини билдирди. Лойиҳани уюшқоқлик билан тизимли амалга ошириш учун “долзарб 10 кунлик” эълон қилинди. Ҳар бир кўчатнинг манзилли экилиши ва доимий парвариши учун масъулларни белгилаш, кўчатларни ҳисоб учун эмас, балки уларнинг униб-ўсишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.


Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаб, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришда ўз самараларини бермоқда. Теварак-атроф яшилликка бурканиб, ҳаво мусаффолигини таъминлашга хизмат қилаётир.



Айни пайтда вилоятнинг Ангор тумани ҳудудидаги М-39 автомагистраль йўли ёқасида 220 гектар майдонда “Яшил белбоғ” барпо этилмоқда. Лойиҳанинг кузги мавсумида бошланган бу ташаббус доирасида ҳудудга 16 миллион туп турли дарахт кўчати экиш режалаштирилган.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири