Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёлик томорқа эгалари 1 миллион 200 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштиришни режалаштирган
12:12 / 2020-04-12

Сурхондарёда мўъжазгина томорқа аҳолининг қўшимча даромад олиб, рўзғорини тебратиш, бандлиги ва бозорларда арзончиликни таъминлашнинг самарали манбаига айланган.


Сурхондарёда мўъжазгина томорқа аҳолининг қўшимча даромад олиб, рўзғорини тебратиш, бандлиги ва бозорларда арзончиликни таъминлашнинг самарали манбаига айланган.

Термиз туманида ҳам мавжуд ер майдонидан унумли фойдаланиб, яхши даромад олаётган, аҳолининг обод турмушини таъминлашга ҳисса қўшаётган оилалар сафи кенгайиб бормоқда.

Вилоят ҳокими Тўра Боболов туман аҳолисининг ердан фойдаланиш аҳволи, мўъжазгина томорқасида турли зироат етиштираётган оилаларнинг иш тажрибаси билан танишди. Хонадонларда парваришлаётган сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўздан кечирди. Даромади ва дуч келаётган муаммолари билан қизиқди.

Тумандаги Қаҳрамон маҳалласида яшовчи ака-ука Ҳаким ва Ҳамза Холбоевлар оиласи томорқаларидаги 30 сотих экин майдонида 9 та иссиқхона барпо этиб, 150 минг тупдан ортиқ турли навдаги гул, 6 минг туп помидор етиштирмоқда. Ҳалол меҳнатга яраша даромад олаётган аҳил ва иноқ оила аъзолари турли навдаги гул кўчатларини бозорга, туман ва шаҳар кўчалари, боғ ва хиёбонлар, ташкилотларга етказиб бермоқда. Рўзғор эҳтиёжидан ортган помидор ва бодринг бозорда сотилмоқда.

photo_2020-04-12_11-49-41.jpg

Ака-ука ишбилармонлар шунингдек, беданачиликни йўлга қўйган. М.Эштемиров номли маҳалла ҳудудида 1,5 гектар майдонда тарвуз етиштириб, 130 туп узум парваришламоқда.

Тўра Боболов томорқадорларга Президентимизнинг жорий йил 10 апрелдаги видеоселектор йиғилишида белгилаб берган вазифаларига мувофиқ, ерлардан янада оқилона фойдаланиш бўйича тегишли маслаҳатлар берди. Маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратиб, рўзғордан ортганини аҳолига сотишни тавсия этди.

Шу куни вилоятнинг биринчи раҳбари тумандаги “Ўзтрейд агро” агрофирмаси далаларида бўлиб, бу ерда парваришланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўздан кечирди.

Жорий йилда агрофирма деҳқонлари 30 гектарда пиёз, 25 гектар майдонда эртапишар қовун, 10 гектар ерда помидор етиштирмоқда. Пишиб етилган маҳсулотлар маҳаллий бозорга чиқарилмоқда, хорижга экспорт қилинмоқда. Ўтган йили 600 минг доллар қийматидаги озиқ-овқат маҳсулотлари хорижга жўнатилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 1,5 миллион долларга етказиш мўлжалланаётир.

Экин майдонларидан оқилона фойдаланиш бўйича етарли тажриба тўплаган туманда аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида харид қилиб, экспорт қилиш ҳам йўлга қўйилган.

photo_2020-04-12_11-49-43.jpg

Хусусан, “Намуна Экспо” масъулияти чекланган жамияти томонидан Россияга 845 минг доллар қийматидаги турли кўкат, “Барка Файз Экспорт Трейд” масъулияти чекланган жамияти Афғонистон ва Покистонга 900 минг долларлик мош, ловия, “Арслон Азамат Импорт Экспорт” масъулияти чекланган жамияти Россияга 480 минг доллар қийматидаги карам, гул карам, кўкат масҳулотларини аҳолидан кооперация асосида сотиб олиб, тизимли тарзда экспорт қилган. Туманда 2019 йил 19,5 миллион, 2020 йилнинг 1-чорагида 3,8 миллион долларлик витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари турли давлатларга экспорт қилинди. Йил якунигача бу кўрсаткич 25 миллион долларга етказилади.

Термиз тумани аҳолиси сўнгги йилларда иссиқхона ташкил этиб, қишин-ёзин озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришнинг ҳадисини олди. Айни пайтда корхона ва ташкилотлар 360 гектар майдонда, томорқа ер эгалари 86 гектарда иссиқхона қурган. Уларда помидор, руккола, кўкатлар, лимон, бодринг каби маҳсулотлар парваришланмоқда. Бу йил фермер хўжаликлари 250 гектарда иссиқхона барпо этаётир.

Вилоятдаги 720 маҳалла фуқаролар йиғинида 406,6 минг хонадон мавжуд. Уларга 49,9 минг гектар унумдор майдон томорқа учун ажратилган. Инсониятни жиддий ўйлантираётган пандемия ҳам вилоят аҳолисининг томорқада унумли меҳнат қилишига тўсиқ бўлолмади. Бунга мавжуд томорқаларнинг 26,5 минг гектарига эртаки, қолган майдонларга ўртаки ва тўқсонбости зироатлари экилгани ҳам яққол далилдир.

Ер юзида иқтисодий инқироз кутилаётган синовли йилда воҳа томорқадорлари 346 минг тонна сабзавот, 60 минг тонна полиз, 106 минг тонна картошка, 3,8 минг тонна дуккакли ва 36 минг тонна бошқа турдаги маҳсулотларни йиғиб олади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, етиштирилган маҳсулотнинг 376 минг тоннаси ички истеъмолга йўналтирилади. 559 минг тоннаси маҳаллий бозорга чиқарилади. 307 минг тонна турли қишлоқ хўжалиги маҳсулоти хорижга экспорт қилинади.

photo_2020-04-12_11-49-45.jpg