Сурхондарёлик 15 юртдошимизга фуқаролик паспорти топширилди
Энг улуғ, энг азиз айём – давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги шодиёналари сурхондарёлик 15 нафар юртдошимиз учун қўшалоқ айёмга айланди.
Энг улуғ, энг азиз айём – давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги шодиёналари сурхондарёлик 15 нафар юртдошимиз учун қўшалоқ айёмга айланди.
Мамлакатимиз бўйлаб Ватанимиз мустақиллиги куни кенг нишонланаётган айни кунларда ушбу юртдошларимизга фуқаролик паспортлари топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда уларга вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Исмоилов фуқаролик паспортларини тантанали топшириб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилингани билан табриклади. Осуда турмуш, хонадонларига тўкинлик, мамлакатимиз равнақи йўлида олиб бораётган хайрли ишларига муваффақият тилади.
Президентимизнинг жорий йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизга кўчиб келиб, доимий рўйхатдан ўтиб яшаётган, фуқаролиги йўқ шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш юзасидан ҳам тегишли вазифалар белгиланган эди. Шунга мувофиқ, шу йилнинг 13 март куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонуни асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган илк 15 нафар шахс улуғ айём кунлари фуқаролик паспортини олди.

Тожикистон Республикасидан доимий яшаш учун 27 йил муқаддам Сурхондарё вилоятига кўчиб келган Юнус Раҳматов ва турмуш ўртоғи Чинни Умарова фарзандлари билан Бандихон туманидаги Обод юрт маҳалласида истиқомат қилмоқда. Айни пайтда Ю.Раҳматов тумандаги “Шўроб Семурғи” фермер хўжалигида ишчи бўлиб меҳнат қилмоқда.
– Тақдир тақозоси билан 1993 йилда Тожикистондан кўчиб келганмиз, – дейди Ю.Раҳматов. – Бугун оиламиз учун қўшалоқ байрамга айланди. Қарийб чорак асрдан буён мен орзу қилган Ўзбекистон фуқароси, деган шарафга эга бўлдим. Бу, шу юртнинг ҳақиқий фуқароси эканлигимдан ғурурланиш туйғумни мустаҳкамлади. Бундан буён ҳам оила аъзоларим билан мамлакатимиз тараққиёти учун ҳалол меҳнат қилишдан толиқмаймиз.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар бундай юксак эътироф ва ишонч учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдириб, Ватанимиз ривожи йўлида фахр-ифтихор билан янада кўпроқ меҳнат қилажагини алоҳида таъкидлади.
