Сурхондарёда халқаро сайёҳлик ярмаркасини ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 25 йилдан буён ўтказиб келинаётган халқаро ярмарка мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини дунёга кенг намоён этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг 11-13 ноябрь кунлари мамлакатимизда илк марта Zoom платформаси орқали онлайн шаклда бўлиб ўтадиган "Ипак йўлида туризм" 26-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасига Сурхондарё вилоятида пуҳта ҳозирлик кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 25 йилдан буён ўтказиб келинаётган халқаро ярмарка мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини дунёга кенг намоён этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур тадбирда ўтган йилларда фаол иштирок этган сурхондарёлик саёҳлик фирмалари, меҳмонхона мутахассислари, хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари ва ҳунармандлар хорижлик сайёҳларга ҳудуднинг бой туристик имкониятлари ва туристик объектларини, турли хизматлар кўрсатиш сифати ва миллий ҳунармандчилик буюмларини тарғиб қилди.
Сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхона хўжалиги вакиллари чет эллик шериклари билан ўзаро ҳамкорлик келишувларини тузиб, жаҳоннинг турли давлатларидан туристларни жалб этди. Моҳир ҳунармандлар ишлаб чиқараётган кўплаб ноёб миллий буюмлар ҳам ўз харидорини топди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасидан маълум қилишларича, дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга қўйган пандемия шароитида нуфузли ярмарканинг онлайн шаклда форум кўринишида ўтказилаётгани ҳам Ўзбекистонда иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айланаётган туризмни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир намунаси бўлмоқда. Анъанавий сайёҳлик ярмаркаси келгусида вилоятга янада кўпроқ туристларни жалб этишга яқиндан кўмаклашади. Қадимий Буюк Ипак йўли туризмини қайта тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттиришга қулай муҳит яратади.
– Коронавирус инфекцияси туфайли ўтаётган йилда воҳага туристлар оқими кескин камайди, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари З. Алимардонова. – Албатта, бу ҳудуддаги сайёҳлик фирмалари, меҳмонхона хўжалиги ва туризмга ёндош бошқа тадбиркорлик субъектларига ўз таъсирини ўтказди.
Давлатимиз томонидан кўрилган изчил чоралар сабабли улар бу ҳолдан тушкунликка тушиб қолгани йўқ. Шу боис ҳам 11-13 ноябрь кунлари онлайн шаклда бўлиб ўтадиган халқаро туризм ярмаркасида фаол қатнашиш истагини билдирмоқда. Айни пайтда биз уларга форум шаклида ташкил этиладиган ярмарканинг аҳамияти, ўтказилиш шакллари ва онлайн тадбирда руйхатдан ўтиш йўлларини кенг тушунтираяпмиз.
Дастлабки маълумотларга кўра, Zoom платформаси орқали онлайн шаклда бўлиб ўтадиган "Ипак йўлида туризм" 26-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида вилоятдан 38 та туристик фирма, 52 та меҳмонхона мутахассислари, иккита йирик музей, шунингдек, Ҳаким Термизий ва Исо Термизий зиёратгоҳлари вакиллари, энг моҳир ҳунармандлар бевосита иштирокчи сифатида қатнашиши мўлжалланмоқда.
Қатор оилавий меҳмон уйлари ва туристларга хизмат кўрсатадиган айрим тадбиркорлик субъектларининг томошабин сифатида иштирок этишини таъминлаш режалаштирилмоқда. Белгиланган тартибга кўра, онлайн форумнинг бевосита иштирокчиларига қизиқарли маърузаларни тинглаб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконияти яратилади. Томошабин сифатида рўйхатдан ўтган қатнашчилар фақат анжуманларни томоша қилиб, кузатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Вилоятда ташкил этилаётган тарғибот тадбирларида нуфузли ярмарканинг ана шу жиҳатлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилмоқда.



