Сурхондарёда 9 киши буткул соғайиб, вилоятда инфекциядан тузалганлар 29 нафарга етди
Сурхондарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бугун коронавирус инфекциясидан бутунлай тузалган 9 нафар бемор реабилитацияга кузатилди.
Сурхондарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бугун коронавирус инфекциясидан бутунлай тузалган 9 нафар бемор реабилитацияга кузатилди.
Уларнинг 5 нафари жорий йилнинг 28 март куни Москва–Термиз чартер рейси билан воҳага келиб, карантин муддатини ўтаётганида касаллик аниқланган юртдошларимиз, бир нафари Россия давлатидан транзит йўналишда келган ҳайдовчи ва уч нафари беморлар билан мулоқот чоғида инфекцияни юқтириб олган фуқаролардир.
Касалликдан тўлиқ фориғ бўлганларнинг бир нафари Андижон, бир нафари Жиззах, икки нафари қашқадарёлик, бир нафари Тошкент вилоятилик ва 4 нафари сурхондарёлик юртдошларимиздир.
–Соғайганларнинг ёши улуғи 62 ва ёши кичиги 24 ёшда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Б. Шукуров. – Беморларга энг тажрибали тиббиёт ходимларимиз жалб этилган. Шифокорларнинг инфекцияга чалинганларни нафақат зарур дори-дармон ҳамда замонавий шароитлар балки, ширин сўз билан даволаётганини тузалиб чиқаётган ватандошларимизнинг ўзлари ҳам алоҳида эътироф этиб, чексиз раҳматлар айтмоқда. Шунингдек, беморлар энг калорияли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминланётгани ҳам уларнинг инфекциясини тезроқ енгишига кўмаклашаётир.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида реабилитацияга кузатилганлар дунёга чанг солган ўта хавфли инфекциядан буткул тузатиб, ҳаётга қайтаргани учун шифокорларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Айни пайтда шифохонада етти бемор даволанмоқда. Барчасининг аҳволи яхши бўлиб, тажрибали шифокорларнинг белгиланган стандартлар асосидаги муолажалари билан кундан-кунга соғайиб бораётир. Уларнинг яна бир гуруҳини яқин кунларда реабилитацияга чиқариш мўлжалланмоқда.