Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда 2018 йилда 12 мингдан ортиқ ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилади
13:29 / 2017-12-19

Сурхондарё вилояти Денов туманида ишсиз фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинаётгани аҳолининг бандлик масаласини ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Сурхондарё вилояти Денов туманида ишсиз фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинаётгани аҳолининг бандлик масаласини ҳал этишга хизмат қилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли, айниқса, кам таъминланган оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, иш билан таъминлаш, ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароит яратишга кўмаклашиш муҳим вазифалардан этиб белгиланган.

Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда жорий йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мутахассисларнинг фикрича, жорий йил ноябрь ойидан тажриба сифатида иш билан банд бўлмаган аҳолининг ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилаётгани нафақат фуқаролар бандлигини ҳал этиш балки, уларнинг яхшигина даромад топиб, оилавий бюджетини мустаҳкамлашда ҳам алоҳида аҳамият касб этаётир. Айни пайтда тумандаги 98 маҳалла фуқаролар йиғини ва туман ободонлаштириш бошқармасининг тегишли буюртмаси асосида аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази йўлланмаси билан 1 минг 500 фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларида фаол иштирок этаётир.

– Ноябрь ойида уларга 159 миллион сўм иш ҳақи ҳисобланди,– дейди Денов тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбари Мирзаумар Хайруллаев. – Бу ишни Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низом асосида амалга оширмоқдамиз. Мазкур ҳужжатда жамоат ишларининг тури, ишсиз фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига қабул қилиш, бу ишни ташкил этиш, бажарилаётган ишлар мониторингини юритиш, меҳнат ҳақини Жамоат ишлари жамғармаси томонидан қоплаб бериш каби муҳим тартиблар белгиланган.

Низомга мувофиқ, туманда иш билан банд бўлмаган фуқаролар 2 ҳафтадан 3 ойгача муддатга буюртмачи-иш берувчи таклифи билан меҳнат шартномаси асосида жамоат ишларига жалб этилмоқда. Уларга энг кам иш ҳақининг 2,5 баробаридан 5 баробаригача миқдорда иш ҳақи ҳисобланмоқда. Меҳнат дафтарчаси юритилаётир.

Янгича тартибда меҳнатга жалб этилаётган ишсиз фуқаролар ҳудудни ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш, ариқ ва зовурларни тозалаш, объектларни оқлаш, кўча ва йўлларни, пиёдалар йўлакларини таъмирлаш каби мавсумий ишларни бажармоқда. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан жойларда улар амалга ошираётган ишлар ҳолатининг мониторингини юритиш йўлга қўйилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг вилоятдаги жамоат ишлари дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш бўйича бош мутахассиси ҳар ойда жойларга чиқиб, жамоат ишларининг ташкил этилиши, амалга оширилиши ва ҳақ тўланишини назорат қилмоқда.

Тумандаги “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғини 11 нафар иш билан банд бўлмаган фуқаро учун меҳнатга ҳақ тўланадиган жамоат ишини ташкил этди.

– Шу кунларда улар кўчаларни тозалаб, маҳалла ҳудудидаги мактаб, боғча ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари атрофини ободонлаштирмоқда, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Йўлдош Маҳмадиёров. – Эндиликда ариқ қазиш ва тозалаш ишларига ҳам жалб этмоқчимиз. Бунинг натижасида маҳалламиз ҳудуди янада обод бўлиб бормоқда. Ишчиларимиз эса оиласига даромад келтираётир.

Сурхондарё вилоятида 56 минг 100 киши ишсиз сифатида руйхатга олинган. Денов туманида иш билан банд бўлмаган фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб этишнинг муваффақиятли синовдан ўтаётгани бу тажрибани вилоят маркази ва барча туманларда кенг қўллаш учун асос яратди. Шу боис 2018 йилдан шаҳар ва туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари буюртмачи-иш берувчилардан меҳнатга ҳақ тўланадиган жамоат ишлари учун буюртмаларни қабул қилишни бошлайди.

– Жорий йилнинг ўтган даврида 49 минг 387 фуқаронинг бандлиги таъминланди, – дейди Сурхондарё вилояти меҳнат бош бошқармаси бошлиғи Абдусалом Хўжақулов. – Уларнинг 24 минг 904 нафари саноат, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоқларида доимий иш ўрнига эга бўлди. Ишсиз шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш тартиби жорий этилгани аҳолининнг бандлик масаласини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Яна бир муҳим жиҳати, улар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси қоплаб берадиган меҳнат ҳақидан даромад солиғи тўламайди. Вақтинча ишга жалб этилган бўлса-да, меҳнат дафтарчаси юритилади. Янги йилдан вилоятда 12 мингдан ортиқ ишсиз фуқарони ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш режалаштирилган. Улар бажарган ишларга йил давомида 63 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилади.