Сурхондарё: ғаллакорлар 656 минг тонналик хирмонни кўзламоқда
Сурхондарё вилояти Ангор тумани дон маҳсулотларини қабул қилиш шохобчасида жорий йилги ғалла ўрим-йиғими мавсумига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилояти Ангор тумани дон маҳсулотларини қабул қилиш шохобчасида жорий йилги ғалла ўрим-йиғими мавсумига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.
Туман секторлари, Сурхондарё вилояти ва ҳудуддаги соҳага алоқадор ташкилотлар, агрокластер ва фермер хўжаликлари, отрядлар раҳбарлари ва аъзолари иштирок этган тадбирда бу йилгидек об-ҳаво ноқулай келган шароитда етиштирилган сара донни тез, сифатли йиғиб олиш ва ғалладан бўшаган майдонлардан оқилона фойдаланиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар муҳокама этилди. Мавсумга комбайн ва отрядларнинг тайёргарлик ҳолати кўздан кечиирилди.
Туман ғаллакорлари бу йил 4 минг 600 гектар майдонда буғдой парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Пишиб, етилаётган донни қисқа кунларда нес-нобуд қилмай ўриб олиш учун 8 та отряд ташкил этилиб, 15 та комбайн, 75 та ташиш ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари шай ҳолатга келтириб қўйилди.

Ангорликлар бу йил мавжуд майдонлардан 32 минг 694 тонна сара дон йиғиб олиб, унинг 14 минг 520 тоннасини давлатга топширишни режалаштирган. Шу мақсадда ўрим-йиғимни тез кунларда якунлаш учун долзарб мавсум олдидан комбайн операторлари муносиб рағбатлантирилиб, ҳар бирига 1 миллион сўмдан нақд пул, 50 килограммдан ун, бир қопдан картошка ва пиёз, 5 литрдан ўсимлик ёғи шунингдек, гуруч ҳамда гўшт маҳсулотлари берилди.
Шу кунларда Сурхондарё вилоятининг барча ҳудудларида ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ғалла ўрим-йиғимига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Жойларда ҳудудий “ғалла штаблари”, туман ишчи гуруҳлари ва ғалла ўрим-йиғим отрядлари ташкил этилиб, дон қабул қилиш шохобчалари мавсумга тахт қилиб қўйилди. Ўрим комбайнлари учун етарли эҳтиёт қисмлар захираси яратилди. Ҳосилни турли офатлардан асраб, дон қабул қилиш пунктларига бешикаст етказиш чоралари белгилаб олинган. Пишиб етилаётган ҳосилни юқори унумдор комбайнлар ёрдамида қисқа вақтда ўриб-янчиб, қабул масканларига етказиш учун ташкил этилган 150 та махсус отрядга етарли ишчи кучлари бириктирилган. Жумладан, мавсумда 290 та ғалла ўриш комбайни, 1 минг 318 та дон ташиш техникаси, 150 та кўчма устахона, 82 та ёқилғи-мойлаш материалларини ташиш агрегатлари шай ҳолатда турибди.

Дон етиштириш бўйича бой тажрибага эга воҳада жорий йилги мавсум учун 2 минг 203 фермер хўжалиги 93 минг гектар майдонда ғалланинг ҳудуд иқлимига мос ва эртапишар навларини етиштирди. Об-ҳаво инжиқ келган йилда ҳам мавжуд агротехник тадбирларнинг ўз вақтида сифатли амалга оширилгани мўл ҳосил тўплашда муҳим омил бўлди.
Бу йилги мавсумда жанубдаги воҳа ғаллазорларидан 656 минг тонна сара дон йиғиб олиш мўлжалланмоқда.
Вилоятнинг Қумқўрғон ва Шеробод туманларида ҳам ғалла ўрим-йиғимига бағишланган семинарлар карантин қоидаларига қатьий риоя этилган ҳолда ўтказилди.
