Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида яшовчи 3 нафар фуқаронинг Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишларининг олди олинди.
Аниқланишича, улар ҳозирда жангарилар сафида бўлган “Абу Салоҳ”, “Абу Валид” ва “Аюб” лақабли шахсларнинг интернет тармоғида ёшларни террористик гуруҳларга қўшилишга чорловчи даъватлари таъсирига тушишган ҳамда оила аъзоларининг қаршилигига қарамасдан Сурияга кетишни мақсад қилишган.
Жумладан, фуқаро А.Ў. “Телеграм” мессенжерида “Абу Валид” билан алоқада бўлиб, унинг кўрсатмаси билан турли виртуал канал ва гуруҳлар очган ҳамда тарғибот ишларини олиб борган.
Кейинроқ у маҳалладоши И.Д. билан тил бириктириб, Сурия давлатидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти сафига қўшилишни режа қилишган.
Ўз навбатида, И.Д. яқин ўртоғи Ғ.Л.ни ҳам ўзлари билан кетишга кўндирган.
Таъкилаш лозимки, мазкур шахслар бошқаларнинг эътиборини тортмаслик мақсадида, хорижда мигрантларни иш билан таъминловчи хусусий бандлик фирмаси орқали Туркия давлатига бориб, сўнгра Сурияга ўтмоқчи бўлишган.
Ҳозирда мазкур 3 нафар фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
ЎзА