Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурияда яна ҳарбий тўқнашувлар авж олди
14:38 / 2026-01-09

Сурия шимолидаги Ҳалаб шаҳрида ҳукумат кучлари ва SDF (курдлар етакчилигидаги қуролли кучлар) ўртасида тўқнашувлар кескинлашди. Расмийлар тинч аҳолини хавфсиз ҳудудларга кўчиб ўтишга чақирмоқда.

Таъкидланишича, маҳаллий ҳокимият фуқаролар учун махсус эвакуация йўлаги очган. Ҳозиргача ўн минглаб одамлар шаҳарни тарк этган. Уларнинг катта қисми қариялар, аёллар, болалар ва тиббий ёрдамга муҳтож шахслардир.

Сурия армияси курдлар назоратидаги Шейҳ Мақсуд, Ашрафияҳ ва Бани Зайд маҳаллаларида “аниқ нишонларга қаратилган ҳарбий амалиётлар” бошланишини эълон қилди.

Курд томонининг айтишича, жанглар натижасида камида 12 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Ҳукумат эса ўз назоратидаги ҳудудларда 9 нафар фуқаро ўлганини билдирган. Ҳар икки томон бир-бирини тинч аҳоли, шифохоналар ва тез ёрдам машиналарини нишонга олишда айбламоқда.

Куннинг иккинчи ярмида жанглар янада кучайиб, артиллерия ўқлари, дрон ҳужумлари ва танклар ишлатилгани хабар қилинди. SDF ўз баёнотида ҳукуматнинг икки зирҳли техникасини йўқ қилганини маълум қилган.

Бу тўқнашувлар Дамашқ ҳукумати ва SDF ўртасидаги сиёсий келишмовчиликлар фонида юз бермоқда. Март ойида томонлар келишув имзолаганди, унга кўра SDF 2025 йил охиригача Сурия армиясига қўшилиши керак эди. Бу жараён қандай амалга оширилиши борасида эса келишмовчиликлар мавжуд.

Янги Сурия армияси таркибидаги айрим гуруҳлар аввал Туркия қўллаб-қувватлаган қуролли кучлар бўлиб, улар курдлар билан аввалдан қарама-қарши муносабатда бўлган.

Мусулмон Зиё, ЎзА