Сурия ҳукумати денгиз ҳавзаси ва очиқ чўмилиш жойларида кийиниш бўйича янги тизимни жорий қилди, унга кўра аёллар жамоат пляжларида танани тўлиқ беркитиб турувчи сузиш кийимлари кийиши талаб қилинади. Бу ҳақда “CNN” нашри маълум қилмоқда.
Мамлакат Туризм вазирлигининг таъкидлашича, мазкур йўриқнома жамоат манфаатларига асосланган.
– Соҳил бўйи ёки бассейнларга ташриф буюрувчилар, хоҳ у хорижий сайёҳ, хоҳ маҳаллий аҳоли вакили бўлсин тегишли сузиш кийимларини кийишлари талаб этилади, – деди туризм вазири Мазен ал-Салхоний. – Айниқса, жамоат жойларида кенг кийим кийишга, елка ва тиззаларни ёпишга ҳаракат қилинг. Танани кўрсатувчи ёки ҳаддан ташқари тор кийимдан сақланинг.
Вазирлик, шунингдек халқаро “premium” (4 юлдузли) деб таснифланган санаторийлар, меҳмонхоналар ва хусусий сузиш ҳавзаларида одатий “ғарбча кийиниш”га рухсат берилганини қўшимча қилди.
Кўрсатмаларга риоя қилмаган одамларга қандай жазо қўлланилиши номаълум, аммо қутқарувчилар ва назоратчилар аллақачон кузатувни бошлаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА