Халқаро жамоатчилик Сурияда Башар ал-Асад режими ағдарилгандан сўнг ўлканинг сиёсий ўтиш жараёнини хавотир билан кузатиб бормоқда. Зеро, куч билан ағдарилган ҳар қандай ҳокимиятнинг кейинги тақдири силлиқ кечмаганига тарихда мисоллар кўп. Бинобарин, Суриядаги аҳвол ҳам бундан мустасно эмас.
– Мамлакатда сиёсий жараёнлар яна олти ойга чўзилиши мумкин, -дейди Суриянинг маъмурий ривожланиш вазири Салом Сафаф “РИА Новости”га берган интервьюсида.
Вазир юзага келган вазиятга баҳо берар экан, Ҳалаб ва Хамадаги айрим муассасалар ўз ишини тиклаганини айтди. Шунингдек, у Дамашқдаги вазият ҳам тинчланиб, назорат остида бўлишига умид билдирган.
Янги ҳукумат аҳолини рўйхатга олиш ишларини олиб боради

Суриянинг янги маъмурияти ўтиш жараёнидан сўнг аҳолини рўйхатга олиш, янги конституция яратиш ва эркин сайловлар ўтказишни ўз ичига олган “йўл харитаси”ни эълон қилади, деб ёзди Туркиянинг “Hürriyet” газетаси ўз манбаларига таяниб.
– Энди янги Сурияни қуриш вақти келди, муваққат маъмурият тузилгандан сўнг, янги конституция яратилади, аҳолини рўйхатга олиш ва эркин сайловлар ташкил этилади, -деб ёзади нашр.
Сурия давлат байроғи ўзгарди

“РИА Новости” тарқатган хабарга кўра, Суриянинг Мадриддаги элчихонаси эски давлат байроқларини янги яшил-оқ-қора байроқларга алмаштирган.
“Retiro” марказий боғи яқинида жойлашган элчихона ҳовлисида учта қизил юлдузли яшил, оқ ва қора байроқ осилган.
– Афсуски, дипломатик миссия телефон қўнғироқларига жавоб бермаяпти, расмий веб-сайт ҳам ҳозирча ишламаяпти, дейилади хабарда.
Асад режимининг қулашига сабаблар етарли

Сурия етакчиси Башар ал-Асад исёнчилар ҳужумидан бир неча ҳафта олдин дунёнинг қудратли давлатлари, жумладан, Қўшма Штатлар томонидан илгари сурилган кўплаб таклифларни рад этди, деб ёзди “Washington Post” маҳаллий таҳлилчиларга таяниб.
– Баъзи маслаҳатчилар Асадга АҚШ томонидан санкциялар бекор қилиниши эвазига Эрон билан муносабатларни узиш тўғрисидаги таклифини қабул қилишни тавсия қилган, -деди суриялик собиқ дипломат Бассам Барабанди.
Сиёсий экспертлар фикрича, Асад режимининг энг қалтис хатоси Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Сурияда вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ғояларини рад этгани бўлган.
Мазкур ғоялар Асаднинг курд кучларини тийиб туриши, суриялик мухолифатчилар билан мулоқотни йўлга қўйиш ва миллионлаб суриялик қочқинларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини юртига қайтариш эвазига Дамашқ билан муносабатларни яхшилашдан иборат бўлган.
Эрдўғон Асадни Суриядан қочганликда айблади

Туркия раҳбари душанба куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг халққа мурожаатида “Асад Суриядан қочиб, кўплаб шаҳарларни вайронага айлантирди” деди.
– Биз Сурияда тинчлик, эркинлик ва адолат тарафдори эдик, ағдарилган режимнинг душманона муносабатига қарамай, ҳар қандай шароитда Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва унитар тузилишини ҳимоя қилдик. Биз шунингдек, адолатсизлик, ноқонунийлик, зулм ва таъқибларга қарши овозимизни баланд кўтаришдан ҳеч қачон тортинмаганмиз, -дея қўшимча қилган Эрдоған.
Туркия етакчиси янги Сурияни қайта қуриш жараёнида ён қўшнисини ёлғиз ташлаб қўймаслигини билдирди.
– Сурия халқи! Сизлар бу шонли ғалабанинг ҳақиқий эгаларисиз. Сизларни ўз мамлакатим ва халқим номидан ҳурмат билан қутлайман, ғалаба муборак, -деган Туркия раҳбари ўз мурожаатида.
Сўнгги тарқатилган хабарларга кўра, Сурия фуқаролари нон, бензин ва газни арзон нархларда сотиб олишлари мумкин бўлган банк карталари ўз фаолиятини тўхтатган.
Аввалги ҳукумат даврида мамлакатда виртуал давлат карталари амалда бўлган. Аҳоли SMS хабарлар олиш орқали маълум миқдорда нон, ёқилғи, шунингдек, маиший эҳтиёжлар учун газ баллонини харид қилишлари мумкин эди.
Саидмурод Раҳимов тайёрлади.
ЎзА