Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурияда даҳшатли шароитда яшаётган тожик болалари ва аёллари ватанга қайтарилади
09:33 / 2019-10-07

Тожикистон расмийлари, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши маълумотига кўра, Суриядаги қочқинлар лагерида даҳшатли шароитларда истиқомат қилаётган тожик болалари ва аёлларни ватанга қайтаришга тайёрланмоқда.


Тожикистон расмийлари, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши маълумотига кўра, Суриядаги қочқинлар лагерида даҳшатли шароитларда истиқомат қилаётган тожик болалари ва аёлларни ватанга қайтаришга тайёрланмоқда.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, яқинда тожик дипломатлари Суриянинг юқори лавозимли амалдорлари билан учрашиб, тожикистонликларнинг шахсини аниқлаш ва ватанга қайтариш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишган. 

Дипломатлар Суриядаги қочқинлар лагерларида қанча тожикистонлик борлигини аниқлаштирмоқда. 

Ҳукуматнинг топшириғига кўра, Тожикистоннинг Кувайт ва Ироқдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода Дамашқда бўлиб турибди. 

Дипломат сўнги кунларда Сурия ҳукумати ва қуролли мухолифат вакиллари билан учрашганини маълум қилди. 

Музокараларнинг асосий мавзуси қочқинлар лагерларида яшаётган Тожикистон фуқароларини ватанга қайтаришдан иборат бўлди. Бироқ Зубайдзода ватандошларни Суриядан қайтариш билан боғлиқ режа тафсилотларини очиқ айтмади. У фақат режани ҳаётга татбиқ этиш яқин ойларда бошланишини айтди, холос.

Эслатиб ўтамиз, май ойи бошларида Тожикистон ТИВга БМТнинг қочқинлар лагерида бўлиб турган тожикистонлик 34 нафар аёл мурожаат қилиб, ватанга қайтишлари учун ёрдам кўрсатишларини сўраган эди. Бу аёлларнинг ҳар бирида биттадан бештагача бола бор. 

Интернетда қариндошлари орқали ҳукуматга мурожаат қилган аёллар сўнгги икки йилда “Ислом давлати” (ИД) гуруҳи эгаллаб турган ҳудудларни озод қилган курдларга асир тушган.

Тожикистон расмийларининг маълумотига кўра айни дамда Суриядаги қочқинлар лагерларида бир неча йил муқаддам ИД сафларига кириб қолган жангариларнинг оила аъзолари бўлмиш камида 575 нафар хотин-қиз ва болалар бор. 

Маълумотларга кўра, тожикистонликларнинг кўпчилиги Хасакия вилоятида жойлашган “Аль-Хол” лагерида яшамоқда. 

“Уларнинг тахминан 90 нафари аёллардир, 200 дан ортиқ қиз ва 240 дан кўпроқ ўғил бола бор. Болаларнинг ёши 1 дан 17 ёшгача. Улардан 134 нафари сўнгги икки йилда туғилган. Кўпчилик болаларнинг ота-онаси йўқ – ғирт етим. Бу якуний статистика эмас, аслида Тожикистон фуқароларининг сони янада кўпроқ бўлиши керак”, дейди Тожикистон ҳукуматидаги манба. 

Унинг айтишича, тожик аёллари ва болалари лагерга ИД жангариларининг бошқа оила аъзолари бўлмиш қочқинлар қаторида Багус минтақаси озод этилганидан сўнг йил давомида олиб келинган.

Умумий ҳисобда “Аль-Хол” қочқинлар лагерида камида 70 минг киши, улардан тахминан 10 минг хорижлик ушлаб турилибди. Бу ҳақда 11 сентябрь куни БМТнинг Сурияга оид ҳисоботи муаллифлари маълум қилган эди.

Шу ойда оталари ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган ёки бедарак кетган, оналари эса қамоққа ташланган 84 нафар тожик боласини Ироқдан қайтарган Тожикистон расмийлари қўшни Сурияда бўлган Тожикистон фуқароларини ватанга қайтариш масаласида иш олиб борилаётганини маълум қилган эди. 

Бироқ, расмийларнинг маълум қилишича, бу тоифадаги фуқароларнинг репатриация (юртга қайтариш) қилиш талаблари ҳозирча ойдинлаштирилмаган. 

"Бир вақтлар ИД назоратида бўлган ҳудудлардан фуқароларни ватанга қайтариш борасидаги дастурни ҳаётга татбиқ қилиш учун икки мамлакат ўртасида маълум бир ҳужжатлар имзоланиши керак", дея таъкидлайди Тожикистон ТИВ.