Сурия армиясининг Амалиётлар қароргоҳи “Сурия демократик кучлари” (SDF) ва ағдарилган режим қолдиғи билан боғлиқ баъзи қуролли гуруҳлар сулҳ келишувини бузишга уринаётгани ҳақида хабар тарқатди. Таъкидланишича, Ал-Ҳасака вилояти чеккасида жойлашган ҳукумат томонидаги кучларга қарата уюштирилган ҳужумда уч аскар ҳалок бўлган, бир неча киши яраланган.
Ўз навбатида, SDF матбуот хизмати ҳукуматга қарашли гуруҳлар Раққа вилоятида иттифоқ кучларига ҳамла қилганини билдирди. Шунингдек, ИШИД жангарилари сақланаётган қамоқхона яқинида ҳам тўқнашув юз бергани айтилган.
- Бундай ҳаракатлар хавфсизликка жиддий таҳдид сифатида беқарорликка олиб келади, ҳудудга тартибсизлик ва терроризм қайтишига йўл очади, - дея таъкидланган баёнотда.
Курдларнинг “Rudaw” телеканали SDF вакили Фаҳрод Шомийга таяниб, мамлакат шимоли-шарқидаги қамоқхонадан тахминан 1500 га яқин ИШИД жангариси озод қилингани тўғрисида хабар тарқатди.
Якшанба куни курдларнинг Сурия демократик кучлари қўмондонлиги ва амалдаги ҳукумат SDF аскарларини ҳукумат кучларига қўшиш ва шимоли-шарқий Дайр-Аз-Зор ва Раққа вилоятлари мухтор курд маъмурияти вакилларини ҳукумат хизматига жалб қилишни назарда тутган яраш келишувига эришилган эди. Афсуски, кўриниб турганидек, сулҳга амал қилиш осон кечмаяпти.
С.Раҳимов, ЎзА