Ўтиш даври Президенти Аҳмад Аш-Шараъ Исроил ҳужумидан сўнг халққа йўллаган мурожаатида Сурия урушдан қўрқмаслиги ва жанг қилишга тайёрлигини айтди, дея хабар тарқатди “Рейтер” агентлиги.
Кеча Исроил мудофаа вазири Исроил Кац агар Сувайда ҳудудидаги друзлар жамоасига ҳужум тўхтамаса, “оғриқли зарбалар берилиши” билан таҳдид қилди. “Syria TV” телеканали Исроил авиацияси Дамашқ марказидаги Бош штаб биносига, шунингдек президент саройи ҳудудига ҳаводан бир неча марта ҳужум уюштиргани ҳақида маълумот берди. Араб Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроилнинг Дамашққа берган авиа зарбаси натижасида 3 инсон ҳалок бўлган, 34 киши жароҳатланган.
Аш-Шараъ друзларга мурожаат қилиб, уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш амалдаги ҳукуматнинг устувор вазифаси экани, “друзларни ташқи кучлар қўлига тортишга қаратилган ҳар қандай уриниш инкор этилиши”ни таъкидлаган.
“У Сурия халқи урушдан қўрқмаслиги, агар мамлакат қадр-қиммати таҳдид остида қолса, жанг қилишга тайёрлигини қўшимча қилди”, — деб ёзган агентлик.
Якшанба куни Сувайда музофотидаги бир неча друзлар аҳоли манзилига қуролли гуруҳлар томонидан ҳужум уюштирилгани, натижада вилоятни Дамашқ билан боғловчи автомобиль йўли тўсиб қўйилгани маълум қилинди.
Тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун друзларнинг мудофаа бўлинмалари қуролли тўдалар билан жангга киришган.
Мудофаа вазирлиги тўқнашув давомида 30 дан кўп одам ҳалок бўлгани, 100 дан ортиқ киши яралангани, Сурия ўтиш даври ҳукуматининг 20 нафар жангчиси ҳам қурбон бўлганини тасдиқлаган.
Исроилнинг Сурия ҳудудига берган зарбасини БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам қоралади ва Араб Республикаси суверенитети, ҳудудий яхлитлиги бузилишини тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда мулозимнинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик маълум қилди.
– Бош котиб Сувайда, Дараъ ва Дамашқ марказига ҳаво ҳужуми кучайиб бораётгани, шунингдек Исроил кучларининг Жўлон тепалигида қайта жойлаштирилиши ҳақида хабар берилганини қоралайди, – деди Дюжаррик журналистлар учун уюштирилган брифингда. – У Сурия суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳар қандай бузилишини зудлик билан тўхтатишга чақирди.
Гутерриш Сувайдадаги кескинлашувдан хавотирда, бегуноҳ аҳолига қарши ҳар қандай зўравонликни шак-шубҳасиз қоралайди.
С.Раҳимов, ЎзА