French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурия марказлашмоқда: Курд кучлари таслим бўлди
13:27 / 2026-01-19

Сурияда кучлар мувозанати кескин ўзгарди. Дамашқ ҳукумати ва асосий курд қуролли тузилмаси, Сурия демократик кучлари (SDF) кенг қамровли келишувга эришиб, шимоли-шарқдаги ярим мустақил бошқарувга нуқта қўйди. Бир неча кунлик қонли тўқнашувдан сўнг курд кучлари марказий ҳукуматга бўйсунишга рози бўлди.

Ўн йилдан зиёд вақт давомида амалда мухторият бўлиб келган ҳудуддаги барча ҳарбий ва фуқаровий тузилмалар Дамашқ назоратига ўтади, нефть конлари, чегара манзиллари ва қамоқхоналар ҳукуматга топширилади. Курдлар учун бу сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан жиддий зарбадир.

Энг муҳим шартлардан бири — SDF кучлари бутун бирлик сифатида эмас, балки алоҳида шахслар кўринишида армия ва ички ишлар тизимига сингдирилади. Бу Дамашқнинг қатъий талаби эди. Ҳукумат Раққа ва Дaйр Аз-Зорни ҳам тезда расман эгаллашга тайёрланмоқда.

Битимда айрим ён бериладиган бандлар ҳам бор. Курд томони марказий ҳокимиятда айрим лавозимларга номзод кўрсатиши мумкин, Ҳасака вилояти келишув асосида бошқарилади. PKK билан алоқадор барча хорижлик жангарилар ҳудуддан чиқарилади.

АҚШ мураккаб танлов қаршисида қолди: бир томонда — Исломий давлатга қарши асосий иттифоқчи бўлган курдлар, иккинчи томонда Сурияни ягона марказ остида бирлаштиришга уринаётган ҳукумат. Вашингтон мувозанат излаётган бир пайтда Дамашқ ҳақиқий куч орқали ўз шартини ўтказди.

Умуман, мазкур сулҳ Сурияда уруш тугаб, янги сиёсий босқич бошланганидан дарак бераётгандек.

Мусулмон Зиё, ЎзА