Сурия ҳукумати шимоли-шарқда назоратни қўлга олаётган бир пайтда, курд ҳаракати — Сурия демократик кучлари (СДК)га тўрт кун ичида марказий давлат тузилмасига интеграциялашув бўйича келишувга рози бўлиш талабини қўйди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, АҚШ жараённи очиқ қўллаб, курдларни ушбу таклифини қабул қилишга чақирди.
Умуман, Дамашқ ва СДК ўртасида эълон қилинган қисқа муддатли сулҳ мамлакатдаги кучлар мувозанатини тубдан ўзгартирмоқда. Ҳукумат қўшинларининг тезкор юриши, Вашингтон амалда чекинаётгани Башар Асад ағдарилгандан кейинги Суриядаги энг кескин бурилиш сифатида баҳоланмоқда.
АҚШ махсус элчиси Том Баррак курдларга берилаётган таклиф, яъни фуқаролик ҳуқуқи, маданий эркинлик ва сиёсий иштирокни “охирги йиллардаги энг катта имконият” деб атади.
Ҳукумат тўрт кунлик сулҳ давомида СДКдан Ҳасака вилоятини давлат тизимига қўшиш режасини талаб қилмоқда. Акс ҳолда ҳукумат кучлари курдлар назоратидаги айрим шаҳарларга кириб бориши мумкин. Шу билан бирга Дамашқ шу муддат ичида Ҳасака ва Қамишли шаҳарларига қўшин киритмасликни ваъда қилди.
Вазиятни янада мураккаблаштираётган омил — минглаб “Исломий давлат” жангарилари сақланаётган қўналға ва қамоқхоналар. Айни пайт юзлаб маҳбуслар қочиб кетгани ҳақидаги хабарлар хавотирни кучайтирмоқда. Дамашқ бу ҳудудларда тезроқ назорат ўрнатишга тайёрлигини билдирган.
Хулоса шуки, Сурия шимоли-шарқида янги сиёсий босқич бошланмоқда. АҚШ очиқча тан бериши, Туркиянинг билвосита таъсири ва Дамашқ қатъий позиция эгаллаши курдларни тарихий танлов қаршисида қолдирди: мустақил қуролли куч сифатида қаршиликни давом эттириш ёки марказий давлат таркибига қўшилиш. Бу қарор нафақат курдлар учун аҳамиятли, балки бутун мамлакатнинг келгуси сиёсий харитасини белгилаб беради.
Мусулмон Зиё, ЎзА