English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурия ишбилармонлари Бухорода
20:46 / 2026-02-13

Сурия Савдо палаталари федерацияси президенти Аъла Умар ал-Али бошчилигидаги нуфузли делегация расмий ташриф билан Бухоро шаҳрига келди. Делегация таркибидан Сурия иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари, Дамашқ, Ҳомс, Дараа, Тартус, Латакия, Ҳама, Дайр-аз-Зор ва Идлиб шаҳарларининг Савдо-саноат палаталари раҳбарлари, соҳавий уюшмалар вакиллари, йирик тадбиркорлар ҳамда бизнес тузилмалари раҳбарлари ўрин олган.

Ташриф доирасида меҳмонлар дастлаб Бухоро вилоятидаги йирик саноат лойиҳаларидан бири ҳисобланган “Merganteks” пахта-тўқимачилик кластери фаолияти билан яқиндан танишдилар. Делегация аъзолари корхонада яратилган ишлаб чиқариш муҳити, солиқ ва божхона имтиёзлари, замонавий инфратузилма имкониятлари, логистика тизими ҳамда маҳаллий корхоналарнинг экспорт салоҳиятини атрофлича ўргандилар. Шунингдек, кластернинг халқаро бозорларга чиқиш стратегияси ва инвестициявий жозибадорлиги ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Ташрифнинг навбатдаги манзили Бухоро “Агрокластер ДЗЗ” МЧЖ бўлди. Мазкур корхона 6 миллион АҚШ доллари инвестицияси асосида Бухоро шаҳрида аввал фаолият юритмаган 2,6 гектар ҳудудда барпо этилган замонавий ишлаб чиқариш мажмуасидир. Корхона кунига 60 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, “Lattico” бренди остида юқори сифатли сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Бугунги кунда корхонада 2 000 нафардан ортиқ ишчи-ходим доимий иш ўрни билан таъминланган.

Меҳмонлар ишлаб чиқариш жараёнлари, технологик линиялар, сифат назорати тизими ҳамда маҳсулотларни қадоқлаш ва сақлаш инфратузилмаси билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, экин майдонларида тупроқ таркибини ўрганиш, ер унумдорлигини ошириш ва аграр самарадорликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган замонавий тупроқ таҳлил лабораторияси фаолияти ҳам делегация эътиборига ҳавола этилди.

Лаборатория мутахассислари меҳмонларга унинг ишлаш механизми, илмий таҳлил усуллари, агротехнологик афзалликлари ҳамда ҳосилдорликни оширишдаги амалий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот бердилар. Шунингдек, “Бухоро Агрокластер”нинг келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган янги инвестиция лойиҳалари ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш дастурлари тақдим этилди.

Суриялик тадбиркорлар корхоналар фаолияти билан танишиш жараёнида икки томонлама ҳамкорлик имкониятларини ўрганиб, қўшма лойиҳалар, инвестиция келишувлари ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари юзасидан дастлабки музокаралар олиб бормоқда.

Ташриф доирасида Бухоро шаҳрида илк бор Ўзбекистон – Сурия бизнес-форуми ҳамда B2B учрашувлари ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирларда саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, логистика, қурилиш, электротехника ва туризм соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирок этади. Форум доирасида янги инвестиция лойиҳалари, қўшма корхоналар ташкил этиш, экспорт-импорт шартномалари ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик битимлари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Ташриф дастурига мувофиқ, меҳмонлар кўҳна ва боқий Бухоронинг ноёб тарихий-маданий мероси, қадимий меъморий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари ва туризм масканларини ҳам зиёрат қилиб, шаҳарнинг бой тарихий салоҳияти билан танишадилар.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари