French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суриштирув ва тергов ор­ганлари фаолияти устидан суд назорати йўлга қўйилди
09:34 / 2022-05-18

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш мақсадида қонунчилик базаси халқаро андозаларга уйғун тарзда такомиллаштирилмоқда.

Бу жараёнда тараққий этган давлатлар тажрибасида муваффақиятли татбиқ этилган институт ва тамойилларни миллий амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 майдаги “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, суд жараёнида ишларнинг ошкора кўрилиши, тортишув тамойилини тўлиқ таъминлаш мақсадида жиноий-процессуал қонунчиликка 2021 йил февраль ойидан дастлабки эшитув институти жорий этилди.

Хўш, дастлабки эшитув инс­титути қандай процессуал жараён ва унинг мақсади нималардан иборат? Мазкур институт амалиётда қандай қўлланилмоқда? 

 Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Азиз Абидов билан суҳбатлашдик. 

– Дастлабки эшитув жиноий иш юритувининг судгача ва судлов жараё­ни орасидаги чегарани бе­л­­­­ги­лай­ди. Бу институт суд муҳокамасига тайёргарлик кў­риш билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тикланишига, уларнинг суд ва тергов ор­ганлари идораларида беҳуда вақт сарф­лашига барҳам беради. 

Шу билан бирга процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат томонидан ажратилган маблағ мақсадсиз сарфланишига йўл қўйилмайди. Энг муҳими, бу институт процессуал муддатлар сабабсиз чўзилишининг олдини олиш натижасида қо­нуний ва асосли қарор қабул қилинишига замин яратади. 

  – Дастлабки эшитув институти билан боғлиқ суд амалиёти қандай натижа кўрсатмоқда? 

– 2021 йилда дастлабки эшитув институтининг қўлланилиши билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижаларига кўра, шу вақтда 61 минг 263 нафар шахсга нисбатан 47 минг 657 жиноят иши кўриб чиқилган. Ушбу ишларда 163 нафар шахсга нисбатан 92 та дастлабки эшитув ўтказилган.

Дастлабки эшитувнинг 38 таси жиноят ишини айблов хулосаси (далолатномаси) ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юборилди. 25 таси жиноят ишларини бирлаштириш, 20 таси номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш, 9 таси жиноят иши бўйича иш юритишни тугатиш юзасидан киритилган илтимосномалар асосида ўтказилди. 

Жиноят ишларининг 39 таси тегишли прокурорга юборилган, 24 таси бирлаштирилган. 6 таси тугатилган бўлса, номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш тўғрисидаги илтимосномаларнинг 1 таси қаноатлантирилган. 19 таси рад этилган ҳамда жиноят иши бўйича иш юритишни тугатиш ҳақидаги илтимосномаларнинг 3 таси рад этилган.

Дастлабки эшитув инс­ти­ту­тининг мақсади — суд мажлисида йўл қўйилиши мумкин бўл­ган процессуал қонун бузилишларининг олдини олибгина қолмай, жиноят ишини очиқ суд мажлисида мукаммал кўриш учун тайёрлашдан иборатдир.

Дастлабки эшитувда суриштирув ва тергов ор­ганлари фаолияти устидан суд назорати амалга оширилади. Бу адолатни таъминлашда қанчалик муҳим?   

– Суд – ҳар қандай масаланинг одилона ечими учун  сўнгги сўзни айтадиган муҳим институт. Шу маънода дастлабки эшитувда суриштирув ва тергов ор­ганлари фаолияти устидан суд назорати амалга оширилиши ҳақиқат юзага чиқишида жуда муҳим. Зеро, уш­бу жараёнда иш юзасидан далиллар мажмуаси етарлилиги ва мақбуллиги ўрганилади. 

Қонунчиликка киритилган ўз­гаришга мувофиқ, судья эндиликда жиноят ишини судда кў­риш учун тайинлаш тўғрисидаги хулосага келиши талаб этилади. Шу билан бирга, у мазкур иш юзасидан дастлабки эшитувни ўтказиш учун асослар бор-йўқлиги ҳақидаги масалани ҳам ҳал қилиши зарур.

Дастлабки эшитув тарафларнинг илтимосига кўра ёки суднинг ўз ташаббуси билан ўтказилади. 

– Дастлабки эшитувни амалга ошириш тартиби қандай? 

– Қонунчиликка кўра, дастлабки эшитув жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш; иш юритишни тугатиш;  жиноят ишини прокурорга юбориш; жиноят ишини бирлаштириш; номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш учун асослар бўлган тақдирда ўтказилиши кўз­да тутилган.

Бу жараён судья жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни та­йинлаш тўғрисида ажрим чиқарган пайт­дан эътиборан беш суткадан кечиктирмасдан бошланиши керак. 

Унинг давомийлиги бошланган кундан эътиборан ўн суткадан ошмаслиги лозим.

Дастлабки эшитув судья томонидан ёпиқ суд мажлисида, якка тартибда ўтказилади. Суд мажлисида айб­ланувчи, унинг ҳимоя­чиси ва давлат айбловчиси иштирок этиши шарт.

– Халқаро амалиётда дастлабки эшитув қандай қўлланилади? 

 – Жаҳон амалиётида кенг қўл­ланилаётган дастлабки эшитувнинг самарали ва ижобий жиҳатларидан бири – мавжуд бўлган номақбул далилларнинг чиқарилиши ва келгусида улардан айблов учун асос сифатида фойдаланмасликдир.

Далиллар қонунга хилоф усуллар билан ёки жиноят процесси иштирокчиларини қо­нун билан кафолатланган ҳу­қуқларидан маҳрум қилган ёки уларнинг ҳу­қуқ­ларини чеклаган ва қонун нормаларини бузган ҳолда олингани исботланса, ушбу далил ўзи­нинг юридик кучини йўқотади. Бундай далил ҳукм ёки бош­қа суд қарорига асос бўлиши мумкин эмас.

Демак, эндиликда миллий амалиётда ҳам далиллар асослилиги чуқур текширилади? 

 – Қонунчиликка мувофиқ, айбланувчи, ҳимоячи ва давлат айбловчиси жиноят иши материалларидаги ҳар қандай далилни, агар улар номақбул далиллар, деб ҳисобланса, чиқариб ташлаш тўғрисида илтимоснома беришга ҳақли. Ушбу ҳо­лат дастлабки эшитувда иштирок этувчи айбланувчи ва унинг ҳимоя­чисига катта процессуал имконият яратади.

 Эътиборлиси шундаки, дастлабки эшитув ҳи­моя тарафига ўзининг иштирокида жи­ноят­ ишини асосий суд мажлисида кў­ришга монелик қилувчи ҳолатларни аниқлашга ҳамда айблаш учун етарли далиллар бўлмаган тақдирда шахслар жавобгарликка тортилишининг олдини олишга ёрдам беради. Бу эса судда том маънода ошкоралик ва тарафлар тортишувини юзага келтиради.

Айнан дастлабки эшитув тарафлар тортишувини жонлантириб, айблов органи жиноят ишини судда кўриш учун жиддий тайёрланишини таъминлайди. Бу, ўз навбатида, “ишдаги камчиликларни суд ўзи тўғ­­рилаб олади” қабилидаги эс­кича қо­липлардан воз кечилишига олиб келади.

Дастлабки эшитув амалиётидан самарали фойдаланиб келаётган аксарият мамлакатларда судьянинг дастлабки эшитув бо­расида қа­бул қилган қарори устидан шикоят келтириш ҳуқу­қи мавжуд эмас. 

Миллий қо­нунчилигимизда эса дастлабки эшитув институти амалиётга жорий этилиши билан бирга фуқароларнинг шикоят келтириш билан боғлиқ узвий ҳуқуқлари ҳам таъминлангани эътиборга моликдир. 

Зеро, эндиликда дастлабки эшитув натижасида қабул қи­линган ажримдан норози бўл­ган тарафлар ажрим устидан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида ши­коят­ қилиши мумкин.

Яқинда Олий суд пленумининг “Жиноят ишларини биринчи инстанцияда кўриб чиқишга тайёрлаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори қабул қилингани жиноят ишини суд муҳокамасига тайинлашда аниқланиши лозим бўлган масалалар ҳамда дастлабки эшитув ўтказиш билан боғлиқ тушунтиришлардан иборат бўлди. Бу судьяларнинг одил судловни амалга оширишида ягона амалиётни шакллантиришга кўмак беради. 

 

                                                               ЎзА мухбири

                                               Норгул Абдураимова

                                               суҳбатлашди.