Жанубий Америка давлати – Суринам парламенти шифокор, собиқ спикер Женнифер Симонсни мамлакатнинг биринчи аёл Президенти сифатида қўллаб-қувватлади.
25 май куни бўлиб ўтган парламент сайловида Симонс раҳбарлигидаги мухолиф Миллий-демократик партия 18, амалдаги етакчи Чан Сантохининг Прогрессив ислоҳотлар партияси эса 17 ўринни қўлга киритган, қолган 16 мандат кичикроқ партиялар ўртасида тақсимланган эди.
Суринамда давлат рахбари билвосита сайланади. Умумий сайловдан сўнг Миллий Ассамблея аъзолари президентликка овоз беради ва номзод сайловда ғалаба қозониш учун учдан икки миқдорни йиғиши керак.
– Мен бу лавозимга элимга хизмат қилиш учун келдим ва бутун бойлигимиз халқимиз учун сафарбар бўлишида бор билим, куч ва идрокимни сарфлайман, – деди 71 ёшли Симонс.
Амалдаги Президент – 66 ёшли собиқ полиция комиссари Чан Сантохи жамиятнинг камбағал ва ҳимоясиз қатламини ҳимоя қилмагани сабаб танқидга учраган.
Мусулмон Зиё, ЎзА