Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суратларда акс этган юртдошларимиз сиймоси
15:57 / 2023-09-06

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган «Портрет» деб номланган кўргазма бўлиб ўтмоқда.

Ушбу кўргазмада Миллий банк коллекциясида сақланаётган портрет жанридаги энг сара асарлар намойиш этилмоқда.    

«Портрет» кўргазмаси илк бор ўтказилмоқда. Ўттиз йилдан ортиқ вақтдан бери Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки тасвирий санъат асарларини йиғиш билан шуғулланади. Бу эса Миллий банк коллекциясидаги портретлар галереясини шакллантиришда, бойитишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.  

Бугунги кунда мазкур портретлар коллекцияси ХХ асрнинг биринчи ярмидан ҳозирги кунгача ишланган турлича ижодий ёндашувдаги  120 дан ортиқ портрет асарларидан иборат.  

Мазкур кўргазма Ватанимиз мустақиллигига бағишлангани бежиз эмас. Зеро, жонажон Ўзбекистонимизда кечаётган янгиланишлар, буюк бунёдкорлик ишлари энг аввало оддий одамлар, турли соҳа меҳнаткашларининг заҳматли изланишлари, ибратли саъй-ҳаракатлари натижасида рўй бермоқда.  

Портрет тасвирий санъатнинг энг мураккаб, ижодкордан катта масъулият талаб этувчи жанридир. Мазкур жанр инсон руҳияти, феъл-атвори, ички дунёсини очиб беришда алоҳида аҳамият касб этади. Портрет санъатида шахсни идрок этишнинг янги шаклларини кашф қилиш, аввало, рассомнинг шахсияти ва истеъдодига боғлиқ.  

Томошабинлар кўргазмада намойиш этилаётган портретларда уйғунлик, ички дунёнинг акс этиши, темперамент, миллий характер муаммоларини ечишда ижодкорлар нақадар турлича ёндашганини ҳис этиш имкониятига эга бўлади. Ушбу кўргазмада оддий одамларимиз, турли соҳа вакиллари, ижодкор зиёлиларнинг портретлари билан танишиш мумкин.  

Кўргазма 2023 йил 30 сентябргача давом этади.  

 

Н.Усмонова,  

ЎзА