Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги ижодий устахоналарда 2024-25 йилларда стажировка олиб бораётган 10 нафар истеъдодли рассомнинг “Ёшлар нафаси” номли ҳисобот кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Хусусан, Зуҳриддин Қиёмов, Жаҳонгир Абдуллаев, Жавоҳир Ниязов, Мирвоҳид Мирсаидов, Умиджон Алимов, Иззатжон Йўлдошев, Бобур Ваҳобжонов, Тимур Лачёнов, Бахтиёр Дедашев, Шоҳрух Қосимов каби ижодкорларнинг 50 дан ортиқ ижодий асарлари намойиш этилди.

Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон Бадиий академияси мамлакатимизда иқтидорли ёш рассомларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида ижодий стажировка дастурларини амалга оширмоқда. Жумладан, академия қошидаги 10 та катта ижодий устахонада магистратура босқичини тамомлаган ва танлов асосида саралаб олинган энг иқтидорли ёш ижодкорлар таҳсил олмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, 2024 йилда бошланган бу стажировка дастури икки йил давом этади. Дастур доирасида иштирокчиларга Ўзбекистон санъатида алоҳида ўрин тутадиган йирик ижодкорлар, хусусан, академик ва халқ рассомлари Собир Раҳметов, Акмал Нур, Жавлон Умарбеков, Файзулла Аҳмадалиев сабоқ бермоқда.

Ҳар бир иштирокчининг ўзига хос услуби ва дунёқараши бўлиб, бу замонавий ўзбек санъатининг ранго-ранглигини намоён этади.

Ҳар ярим йилда ташкил этиладиган ҳисобот кўргазмалари орқали стажёрлар ўз ишларини кенг жамоатчилик ва мутахассисларга тақдим этиш имконига эга бўладилар. Бу кўргазмалар нафақат эришилган ютуқларни намоён этиш, балки кейинги ижодий ҳаракатларга кучли туртки ҳамдир.
Кўргазма 10 июлгача давом этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА