Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суперлиганинг янги мавсумига жамоалар жиддий тайёрланди
11:21 / 2026-02-23

Жорий йилги Ўзбекистон Суперлигаси 27 февраль кунидан старт олади ва 4 май кунига қадар дастлабки давра беллашувлари ўтказилади. Унда жамоалар 11 тур давомида ўзаро рақобатлашади.

Жумладан, 27 февраль куни «Бухоро» – «Қўқон-1912», «Андижон» – «Сўғдиёна» ва «Пахтакор» – «Қизилқум», 28 февралда «Нефтчи» – «Машъал», «Локомотив» – «Сурхон» ҳамда «Динамо» – «Навбаҳор», 1 март санасида эса ОКМК – «Бунёдкор», «Насаф» – «Хоразм» жамоалари ўртасида учрашувлар бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Суперлигаси клублари янги мавсум олдидан тайёргарлик жараёнларини асосан Туркияда олиб борди.  

Аниқроқ айтадиган бўлсак, Суперлиганинг амалдаги чемпиони Фарғонанинг «Нефтчи» клуби Туркияда икки босқичли йиғин ўтказди. 3 январдан 17 февралга қадар давом этган тайёргарлик жараёнида жамоа 10 та ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Мураббийлар штаби янги мавсум олдидан таркибни синовдан ўтказиб, тактик ва жисмоний ҳолатларни кўздан кечирди.

«Нефтчи» чемпионатни 28 февраль куни Фарғона шаҳридаги «Истиқлол» стадионида «Машъал» клубига қарши баҳс билан бошлайди.

Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Анталия шаҳрида йиғин ташкил этди. Клуб Анталияда қарийб бир ой мобайнида икки босқичли тайёргарлик ўтказиб, жами 32 нафар футболчини машғулотларга жалб этди. 4-17 февраль кунлари ўтган иккинчи йиғинда "Пахтакор" таркибни шакллантириш мақсадида 6 та назорат ўйинини ташкил этди.  

Ҳозирда «шерлар» Қибрайда Суперлиганинг 1-тур доирасида «Қизилқум» жамоасига қарши ўтадиган баҳсга ҳозирлик кўраётир.  

Термиз шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган «Сурхон» ҳамда Тошкентнинг «Локомотив» жамоалари ҳам Анталияда ўтказилган қарийб бир ойлик йиғин давомида 9 тадан ўртоқлик учрашувида қатнашди. Жамоалар жисмоний тайёргарлик ва ёш футболчиларни асосий таркибга интеграция қилишга алоҳида урғу берди.

Шунингдек, «Хоразм»,«Қўқон-1912» ва «Қизилқум» клублари ҳам бир неча босқичли халқаро йиғинларда турли мамлакат жамоалари билан назорат ўйинларини ташкил этди ва янги мавсум олдидан ўйин амалиётига эга бўлди.

Мазкур тайёргарликлар Суперлиганинг янги мавсумида жамоалар учун юқори савияда ўйин кўрсатиш ва баҳслар муросасиз ўтишида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.  

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА