Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суперлиганинг сўнгги турида ҳам интрига давом этади
10:39 / 2025-11-28

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг сўнгги — 30-тур учрашувлари эртага старт олади ва 30 ноябрга қадар давом этади.

Маълумки, 29-тур якунларига кўра, “Нефтчи” клуби 64 очко жамғариб, муддатидан аввал мамлакат чемпиони бўлди. Мусобақанинг кумуш ва бронза медаллари учун кураш давом этмоқда.

Ҳозирги ҳолатда, ҳисобида 59 очкоси бўлган “Пахтакор” турнир жадвалининг иккинчи поғонасини эгаллаб турибди. “Насаф” 58 очко билан учинчи, “Динамо” эса 57 очко тўплаб, тўртинчи ўринни банд этган. Шунингдек, мазкур клублар Суперлиганинг совринли ўринлари учун ҳал қилувчи беллашувларни ўтказади.

29 ноябрь куни “Насаф” ўз майдонида “Динамо”ни қабул қилади. “Пахтакор” эса Наманганда “Навбаҳор”га қарши муҳим баҳс ўтказади. Агар пойтахт клуби мазкур учрашувда зафар қучса, жорий мавсумни кумуш медаль билан якунлайди ва “Насаф” – “Динамо” баҳси натижаси унинг ўрнини ўзгартирмайди.

Бироқ, Камолиддин Тожиев шогирдлари Намангандан дуранг ёки мағлубият билан қайтса, Қаршидаги ўйин ғолиби Суперлиганинг кумуш медалига сазовор бўлади. “Пахтакор” эса бронза медали билан тақдирланади.

Шу тариқа, миллий чемпионатимизнинг сўнгги тури ҳам юқори даражадаги интрига ва кескин ўтиши шубҳасиз. Қуйида 30-тур доирасида ўтадиган қолган учрашувлар рўйхати келтирилган:

29 ноябрь:  

– “Қизилқум” – “Шўртан”.

30 ноябрь:

– “Қўқон-1912” – “Сўғдиёна”;

– “Хоразм” – “Нефтчи”;

– “Бунёдкор” – “Андижон”;

– “Бухоро” – “Сурхон”;

– OKMK – “Машъал”.

Маълумот учун: “Пахтакор” ярим ҳимоячиси Ҳожимат Эркинов сариқ карточкалари сони 4 тага етгани сабабли “Навбаҳор”га қарши учрашувда майдонга тушмайди. Шунингдек, “Насаф”нинг асосий футболчилари — Драган Черан ва Зафармурод Абдираҳматов ҳам 4 та сариқ карточка туфайли “Динамо”га қарши муҳим баҳсда иштирок эта олмайди.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА