Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суперлига: “Сурхон” – “Сўғдиёна” учрашуви 10-турни бошлаб беради
12:49 / 2025-05-16

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 10-тури бугун, 16 май куни старт олади ва 19 май кунига қадар ўтказилади.

Миллий чемпионатимизнинг ушбу турини Термиз шаҳрида жойлашган “Сурхон Арена” стадионида соат 20:00да бошланадиган  “Сурхон” – “Сўғдиёна” жамоалари баҳси бошлаб беради.

Ушбу учрашув олдидан ҳар иккала жамоанинг ўзаро ўйинлар статистикасига назар ташласак. “Сурхон” ва “Сўғдиёна” қарама-қаршилиги Суперлигада (Олий лига) 1992 йилдан буён бўлиб ўтади ва бугунга қадар ушбу мусобақада жами 34 та учрашув ўтказилган. Уларда “Сурхон” жами 16 маротаба ғалаба қозонган бўлса, “Сўғдиёна” клуби 15 та ўйинда зафар қучган. Қолган уч ўйин дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати 49/56 - “Сўғдиёна” фойдасига.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, “Сўғдиёна” жамоаси 2022 йилдан буён “Сурхон” клубини енга олмаяпти. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Жиззах шарафини ҳимоя қилаётган мазкур клуб 2022 йилнинг 18 май куни сафарда 2:4 ҳисобида “Сурхон”ни таслим қилган эди. Бироқ ушбу ўйиндаги муваффақиятдан сўнг қаторасига бешта учрашувда мағлубиятга учрамоқда.

Шу тариқа, бугунги баҳсда “Сўғдиёна” узоқ кутилаётган ғалаба учун бор кучи билан ҳаракат қилиши шубҳасиз. Бироқ, сўнгги учрашувларда бу жамоанинг ўйини қовушмаяпти. “Сурхон” эса ўз майдонида кучли ўйин кўрсатмоқда.

Дарвоқе, мазкур учрашувни Исмоил Иброҳимов бош ҳакам сифатида бошқариб боради. Унга қанотларда Руслан Самандаров ва Акмал Султонов ёрдам берса, захира ҳаками сифатида Шоҳинур Бойматов фаолият олиб боради.  

Суперлиганинг 10-турида қуйидаги баҳсларга гувоҳ бўламиз:

17 май: “Қўқон-1912” – “Насаф”, “Шўртан” – “Андижон”, “Бухоро” – “Динамо”;  

18 май: “Қизилқум” – “Пахтакор”, “Хоразм” – “Машъал”, “Бунёдкор” – “Навбаҳор”;  

19 май: ОКМК – “Нефтчи”.  

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон миллий чемпионатининг 9-тур якунига кўра, ОКМК 22 очко билан яққол пешқадамга айланиб олган бўлса, “Насаф” 19,  “Динамо” 18 очко жамғариб, кучли учликни якунлаб берди.  

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА