Мамлакатимизда футбол соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ миллий терма жамоаларимиз халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, тарихий натижаларга эришмоқда. Шунингдек, тизимли ишлар натижасида миллий чемпионатимиз шаффоф тарзда ўтказилиб, клублар савияси йилдан-йилга юксалиб бормоқда.
Ўзбекистон Суперлигаси сўнгги 3-4 йил мобайнида замонавий ёндашувлар асосида фаолият юритмоқда. Хусусан, мусобақа қуръасини белгилашда узоқ йиллар давомида Бергер тизимига асосланган классик услубдан фойдаланиб келинган бўлса, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи лигалари тақвимдаги мураккабликлар, логистика масалалари ҳамда жамоаларнинг халқаро мусобақалардаги иштироки инобатга олинган ҳолда сунъий идрокка асосланган янги механизмларга ўтмоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон кубоги финал босқичида иштирок этиши сабабли 2026 йил мамлакат футбол тарихи учун алоҳида аҳамият касб этади. Шунингдек, 2027 йилнинг дастлабки кунларидан Саудия Арабистонида Осиё Кубоги старт олади. Қисқа вақт ичида ўтказиладиган икки йирик мусобақа Суперлига тақвимини шакллантиришда муайян қийинчиликларни келтириб чиқариши табиий.
Шу муносабат билан Лига ўтган мавсум халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиб, GotSport компанияси билан ҳамкорлик қилишга қарор қилди. Ушбу компания хизматларидан футболи ривожланган бир қатор давлатлар, жумладан, Жанубий Корея К лигаси ҳамда Австралия А лигаси фойдаланиб келмоқда.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида айрим клублар ўз уй майдонларида эмас, бошқа стадионларда мавсумни бошлаши режалаштирилган. Янги тақвимни ишлаб чиқиш жараёнида халқаро майдонларда Ўзбекистон номидан иштирок этувчи клубларнинг имкониятлари ҳам ҳисобга олинади. Шунингдек, дерби учрашувлари ҳамда ўтган мавсумни кучли тўртликда якунлаган жамоаларга қарши ўйинларнинг кетма-кет турларга тўғри келиб қолмаслигига алоҳида эътибор қаратилади.
Айни пайтда Лига GotSport мутахассислари билан ҳамкорликда янги мавсум тақвимининг бир неча ўнлаб вариантларини муҳокама қилмоқда. Яқин орада ишчи гуруҳ томонидан саралаб олинган тақвим лойиҳалари клубларга тақдим этилади ва уларнинг таклифлари асосида мусобақа ўтказиш бўйича якуний қарор қабул қилинади, дея хабар бермоқда “UzPFL” матбуот хизмати.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА